Салехард мактаб ўқувчилари 220 минг рубль ва ҳужжатларни ўзбек муҳожирига қайтариб бердилар

Гимназия талабалари туфайли катта миқдорда пул ва ҳужжатларни йўқотган ўзбекистонлик муҳожир йўқотганларини қайтариб олди, деб хабар бермоқда nuz.uz.

Воқеа Россиянинг Салехард шаҳрида - Ямало-Ненец автоном районининг маъмурий марказида бўлиб ўтди.

Мактабдан уйига қайтаётган шаҳар гимназиясининг олтинчи синф ўқувчилари йўл яқинидаги қор устида ётган қора пакетни топдилар.

 Пакет ичида, 220 минг рубл пул бор эди. Шунингдек, унда Ўзбекистон фуқаросининг паспорти, иммиграция картаси, тиббий маълумотнома ҳам бўлган.

Болалар топилмани энг яқин полиция идорасига олиб келишди. Топилган ҳужжатлар ва пуллар ўз эгасига қайтарилди, деб ёзмоқда "Труд".