Самарқанд: 1991-2021

2021 йил сентябрь ойида халқимиз мамлакатимиз ҳаёти ва тақдирида туб бурилиш ясаган оламшумул воқеа - Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги эълон қилинганига ўттиз йил тўлишини муносиб нишонлайди. Ушбу сана муносабати билан сайтимизда “Самарқанд: 1991-2021” рукнини ташкил этдик.

Унда мустақиллик йилларида Самарқанд вилоятида амалга оширилган ислоҳотлар, халқимизнинг яратувчанлик ва бунёдкорлик ишлари, иқтисодий, ижтимоий, маънавий ва маданий ўзгаришлар ҳақида муҳим маълумот, жараёнлар акс этган сурат ва видеолавҳалар бериб борилади.

Бу борада вилоят “Зарафшон” газетасида чоп этилган мақола, фотосурат ва хабарлардан фойдаланишни лозим топдик.

Давлат тили – давлатим!

 Вилоят ички ишлар бошқармаси қисмида шу пайтга қадар ҳам кундалик маълумотларни тайёрлаш рус тилида эди.

 - Давлат тили ҳақидаги қонунга хилоф бўлса-да биз шунга мажбур эдик, - дейди қисмнинг муҳим топшириқлар бўйича катта инспектори Йўлдош Насриддинов.  – Чунки вилоят партия комитети, қолаверса бошқарманинг баъзи собиқ раҳбарлари ўзбекчани билмаслиги рўкач қилиниб, биз ҳужжатлар юритишни рус тилида олиб борардик.

Узоқ йиллар давомида рус тилида иш юритишга одатланиш ҳам “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг ижросига тўсқинлик қиларди. Мана, яқинда бошқарма бошлиғи бизнинг бу борадаги таклифимизни маъқуллади. Натижада ўзбек тилида босадиган ёзув машинасига эга бўлдик. Бир неча фурсат давомида ҳуқуқий сўзлар ўзбек тилида қандай бўлиши билан чуқур шуғулландик. Қисқаси, 20 сентябрдан бошлаб кундалик маълумотларни давлат тилида тайёрлаяпмиз.

Тўғриси, давр тақозоси билан ўз тилимизни ҳам қарийб унутаёзган эканмиз. Давлат тилида иш юритиш йигитларимиз учун анча қийин бўлди. Лекин ҳар қалай ўз тилингда иш юритаётганингдан завқланар экансан. Қисқаси, она юртингда она тилингда иш юритиш ҳуқуқини биз ҳуқуқ-тарғибот посбонлари амалда қўллай бошлаганимиздан хурсандман.

Т.Қамаров.

("Зарафшон", 1991 йил 9 октябрь, 194-сон)