Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида уруғлик картошка етиштириш бўйича ишлар бошланди

Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти қошида ташкил этилган “Ўзбекистон-Корея картошка уруғчилиги маркази”нинг гидропоника усулида қурилган замонавий иссиқхонасида микротуганаклар экилди. Ушбу жараёнда институт профессор-ўқитувчилари, кореялик мутахассислар ҳамда соҳага қизиқувчи талаба-ёшлар иштирок этди.

- Дастлабки тадқиқотларда республикамизда кенг тарқалган 3 та нав синовдан ўтказилмоқда, - деди институт ректори, профессор Шавкат Ҳасанов. – Бу навлар шароитимизга мос деҳқонларимиз томонидан экиб келинаётган Сантэ, Пикассо ва Невский навлари бўлиб, уларнинг микротуганаклари гидропоника шароитида синовдан ўтказилгач, дастлаб одатдаги иссиқхоналарда, сўнгра институт Ахборот маслаҳат марказида очиқ майдонларда кўпайтирилади.

Институтда ҳозирда Жанубий кореялик мутахассислар томонидан қиймати 770 минг АҚШ доллар бўлган микротуганак етиштиришга мўлжалланган замонавий гидропоникали иссиқхона (40х40 м), картошка мини туганакларини етиштириш учун 7 та иссиқхона (6х40 м), уруғлик туганакларни сақлаш учун омборхона (20х25 м) қурилиш ишлари якунига етмоқда. Бундан ташқари, картошка уруғлик туганакларини жадал кўпайтириш мақсадида ин-витро лабораториясини қуриш ва жиҳозлаш бўйича ишлар бошланмоқда.

Шунингдек, жорий йилда жами 15 нафар профессор-ўқитувчи ва тадқиқотчилар Жанубий Кореяда ушбу соҳада малака оширади. Келгусида марказда республикамиз ва вилоятимизда уруғлик картошка етиштириш бўйича халқаро тажриба жорий қилиниб, жадаллашган услубда республикамиз иқлим шароитига мос навларни яратиш ва уларнинг соғлом юқори сифатли уруғларини ишлаб чиқиш устида ишлар олиб борилади.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.