Самарқанд бозорларида нима арзон, қайси маҳсулот қиммат?

Сартепада саросимага чек қўйилди

16 март куни Самарқанд шаҳри Сартепа масканида айрим қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархи ошиб кетганлиги, баъзи савдо дўконлари вақтинча ёпилиб аҳолини саросимага солганлиги анчагина шов-шувларга сабаб бўлди.

Хўш, бугун бу ҳудудда аҳвол қандай?

Маскандаги деярли барча савдо дўконларида одамлар одатдагидек савдо қилмоқда.

“Табиат саҳовати деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамиятига озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида тегишли ташкилотлар вакилларидан иборат масъуллар бириктирилган.

Бозорчада 1 кг. картошка 4500-5000 сўм, 1 кг. пиёз 3000-3500, 1 кг. сабзи 1500-2000 сўм, гўшт 54 000 сўм, тухум 750 сўмдан сотилмоқда.

- Карантин эълон қилингандан кейин тушунмовчиликлар сабаб айрим фуқароларимиз бироз ваҳимага тушиши оқибатида бозорларимиз ва озиқ-овқат дўконларида тартибсизликлар юзага келди, - дейди республика Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Талъат Насруллаев. – Шунинг учун қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошганлиги ҳам бор гап.

Вилоят ҳокимлиги томонидан белгиланган чора-тадбирлар асосида оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот ишлари олиб борилди ва масъуллар томонидан нархларни асоссиз оширган тадбиркорларга чоралар кўрилиши тушинтирилди.

Бозор ва супермаркетларда тартибни сақлаш, санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш, жойларни тоза ва озода тутиш, нархлар ошишининг олдини олиш борасида доимий назорат олиб борилмоқда. Наврўз байрами муносабати билан бозор яқинида арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилиб, бу ерга Жомбой ва Қўшработ тумани фермерлари маҳсулот келтирмоқда. Ярмаркада картошка 3500 сўм, пиёз 1800, сабзи 1500 сўмгача сотилмоқда. Бу нархлар аҳолини қониқтирмоқда.

“Дамариқ”да маҳсулотлар нисбатан арзон

“Дамариқ деҳқон бозори” МЧЖда бошқа бозорларга қараганда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари арзонлигига гувоҳ бўлдик. Бозорда 1 кг. картошка 3500-4000 сўм, 1 кг. пиёз 3000-3500, 1 кг. сабзи 1500-2000 сўмдан сотилаётган бўлса, ярмаркада картошка 2500 сўм, сабзи 1000 сўм, пиёз 2000 сўм, тухум 600 сўм, гўшт 45 минг сўм, ўсимлик ёғи бир литри 10 000 -11 000 сўм. Ярмаркага Пайариқ, Иштихон, Нуробод тумани фермер хўжаликлари ўз маҳсулотларини олиб келган.

Муҳими, “Самарқанддон маҳсулотлари” акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилган бир қоп ун 135 минг сўмдан сотилмоқда.

Бозоримиздан “катта”лар кетмасин

Темир йўл деҳқон бозорида ҳам қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилиб, Оқдарё, Тойлоқ ва Паст Дарғом туманлари фермер хўжаликлари маҳсулотлари билан тўлдирилган. Аммо Дамариқ бозорига қараганда нархлар бироз фарқ қилади. Масалан, ярмаркада 1 кг. картошка 3000 сўм, сабзи 1300, пиёз 1500 сўм, тухум донаси 620 сўм, гўшт 43 минг сўмдан сотилмоқда.

Бозорда эса тухумнинг донаси 700-1000 сўм, 1 кг. картошка 3500-4500 сўм, сабзи 1500-2000 сўм, пиёз 3500 сўм.

Икки юк машинасида ун сотилаётганига гувоҳ бўлдик ва нархи билан қизиқдик. “Самарқанддон маҳсулотлари” АЖда ишлаб чиқарилган уннинг бир қопи 142 минг сўмдан, “Жомбойдон маҳсулотлари” корхонасида ишлаб чиқарилган уннинг бир қопи эса 140 минг сўмдан сотилаётган экан.

Биз бошқа бозорларда айнан шундай уннинг бир қопи кўз олдимизда 135 минг сўмдан сотилдию, бу ерда нега қимматлигини сўраганимизда, сотувчилар аниқ жавоб бера олмади. Суратга олишни бошлаганимизда улар “катта”ларига қўнғироқ қилиб, бир-икки дақиқа ичида нархларни ўзгартириб, 135 минг сўмдан сота бошлади.

- Кеча ўзимизда ишлаб чиқарилган уннинг бир қопи 200 минг сўмдан сотилганди, - дейди харидор Насиба Очилова. – Бугун эса бир қоп ун 142 минг сўмдан сотилаётганини эшитиб ун олиш учун келгандим. Ҳозирнинг ўзида 135 минг сўм бўлди.

Бир зумда бозорга масъул қилиб бириктирилган тегишли ташкилотлар вакиллари ёнимизда пайдо бўлди. Наҳотки улар бу ҳолатга шу пайтгача эътибор бермаган бўлса.

- Кеча бозорга келганимда нархлар анча кўтарилиб кетганлигига гувоҳ бўлдим, - дейди меҳнат фахрийси Насим Зоҳидов. – Бир кило картошка 6000 сўмдан сотилганлиги одамларни ваҳимага солган эди. Мана бугун ишчи гуруҳ ташкил қилиниб, бозоримиз анча тартибга келиб қолибди. Айниқса, ташкил этилган ярмарка кечаги саросималарга барҳам берди. 43 минг сўмдан 2 килограм гўшт сотиб олдим. Шунингдек, бошқа маҳсулотлар ҳам анча арзон. Бозорга “катталар” тез-тез келиб турса, бу ерда ҳам тартиб бўлади, ҳам нархлар арзонлашади. Бу эса аҳоли учун енгиллик эмасми?

 

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Ҳусан ЭЛТОЕВ (фото).