Самарқанд давлат чет тиллари ҳамда Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти контракт миқдорини мустақил белгилайди
Мамлакатимиздаги ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтган 10 та олий таълим муассасасига ўзини-ўзи тўлиқ молиявий таъминлаш миқдоридан келиб чиқиб, тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш ҳуқуқи берилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабар берди.
Ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтган ОТМлар ректорлари бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича белгиланган тўлов-контракт миқдори ҳақидаги маълумотларни бир ҳафта муддатда оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғида эълон қилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 декабрда «Олий таълим муассасаларини босқичма-босқич ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2020 йил 1 январдан қуйидаги 10 та олий таълим муассасаси тажриба-синов тариқасида ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтган эди:
- Самарқанд давлат чет тиллари институти;
- Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти;
- Тошкент давлат юридик университети;
- Тошкент давлат иқтисодиёт университети;
- Тошкент молия институти;
- Тошкент давлат шарқшунослик институти;
- Тошкент фармацевтика институти;
- Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети;
- Урганч давлат университети;
- Тошкент темир йўл муҳандислари институти.
Мазкур ОТМларнинг илмий педагогик салоҳияти юқорилиги, молиявий фаолиятининг барқарорлиги, моддий-техник базаси етарли даражадалиги, таълим хизматлари бозорида мазкур мутахассисликларга талаб юқорилиги инобатга олинган.