Самарқанд давлат университети куни кенг нишонланди
1420 йил 21 сентябрда Регистон майдонидаги Улуғбек мадрасасида машғулотлар жараёни бошланган эди. Бу қутлуғ сана Самарқанд давлат университети ташкил топган кундир. Шу сабабли 2021 йилдан бошлаб 21 сентябрь куни ҳар йили Самарқанд давлат университети куни сифатида халқаро миқёсда кенг нишонланади.
Бугун эрта тонгдан бошланган анжуман қизғин кечди. Университет хиёбони бўйлаб, маънавий-маърифий тадбирлар, турли хил кўргазмалар, интеллектуал ўйинлар бўлиб ўтди. Куй-қўшиқлар ижро этилиб, талаба ва ўқитувчиларга кайфият улашилди.
Куннинг иккинчи қисмида Самарқанд Ёшлар марказида университет кунига бағишлаб тантанали маросим ўтказилди. Дастлаб, Самарқанд вилоят мусиқали драма театри ижодкорлари томонидан Мирзо Улуғбек мадрасасидаги илк дарс жараёни акс этган саҳна кўриниши намойиш этилди.
Тантанали тадбирни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов очиб, барчани қутлуғ сана билан самимий табриклади.
Анжуманда Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Смита Пант, Самарқанд вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ҳусан Тўхтаев, Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шаропова ва хорижий олий таълим муассасалари профессор- ўқитувчилари университети ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Тадбир иштирокчилари университет фаолиятига юқори баҳо бериб, халқаро ҳамкорлик алоқаларини алоҳида эътироф этди.
Анжуманда илм-фанда юқори натижаларга эришган, университетнинг халқаро нуфузини кўтаришда ўз ҳиссасини қўшган бир қатор профессор-ўқитувчилар ҳамда фан олимпиадаларида ва спорт мусобақаларида ғолибликни қўлга киритган талабалар университет ректорининг қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур ёшлар орасида университетнинг география ва экология факультети магистранти, “Париж-2024” ёзги Паралимпия ўйинлари иштирокчиси, пара-дзюдо бўйича Жаҳон ва Осиё чемпионати совриндори, “Шуҳрат” медали соҳиби Улжон Амриеванинг спортдаги ғалабалари ва матонати эътироф этилиб, университет ректори томонидан компьютер жамланамаси совға қилинди.
Тадбир якунида ижодкор талабалар томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди.