Самарқанд илк бор халқаро тўқимачилик конференциясига мезбонлик қилади
Эртага, 8 сентябрь куни Самарқандда дунёдаги иккита йирик тўқимачилик ассоциациясининг биринчи қўшма конференцияси — “ITMF Annual Conference & IAF World Fashion Convention 2024” (халқаро тўқимачилик ишлаб чиқарувчилар Федерациясининг йиллик конференцияси ва халқаро кийим ишлаб чиқарувчилар ассоциациясининг жаҳон мода конвенцияси) қўшма конференцияси бошланади.
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилаётган ушбу уч кун давом этадиган тадбирда 100 га яқин давлатдан вакиллар, 250 га яқин хорижий меҳмон, 100 га яқин маҳаллий корхона, халқаро брендлар, йирик халқаро тўқимачилик компаниялари, молия институтлари ва чакана савдо вакиллари, ретаил ҳамда тўқимачилик саноати етакчилари иштирок этади.
Конференция иштирокчилари саноатнинг энг долзарб масалалари ва муаммоларини, жумладан, сунъий интеллектнинг таъсири, ишлаб чиқаришни рақамлаштириш, халқаро тартибга солиш, барқарор ривожланиш ва таъминот занжирларини оптималлаштириш масалаларини муҳокама қилади.
Тўқимачилик кўргазмасида миллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари билан танишиш, В2В, В2C учрашувлари ўтказиш ҳам режалаштирилган.
Тадбирни юқори даражада ўтказиш ва ёритиш учун 15 га яқин давлатдан хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари жалб этилган.