Самарқанд корхона ва ташкилотларида 13 та ҳолатда мажбурий меҳнат кўринишлари аниқланган

Бу ҳақда вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи А.Усмонов маълумот берди.

Қайд этилишича, жорий йилги пахта йиғим-терими жараёнида Самарқанд вилояти бандлик бош бошқармаси давлат меҳнат инспекцияси ҳудудий давлат меҳнат инспекторлари томонидан 86 та мониторинг ишлари олиб борилган.

Хусусан, вилоят миқёсида Пахтачи, Нарпай, Каттақўрғон, Паст Дарғом, Пайариқ, Оқдарё, Нуробод ва Иштихон туманлари пахта дала майдонларида фуқароларга шарт-шароитлар яратилганлиги, терилган пахта пулларини тўлиқ тўлаб берилиши ҳамда мажбурий меҳнатга жалб этилиши ҳолатлари юзасидан мониторинг ишлари амалга ошириб келинмоқда.

Мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида вилоят бандлик бош бошқармасининг давлат меҳнат инспекцияси томонидан 2019 йилнинг ўтган 10 ойи давомида фуқаролардан келган мурожаатлар асосида 18 та корхона ва ташкилотда мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари ўрганилган.

Ўрганишларда 13 та ҳолатда мажбурий меҳнат кўринишлари аниқланган ҳамда айбдор шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси (меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) билан маъмурий ишлар қўзғатилган.

Жумладан, вилоят миқёсида Самарқанд ветеринария медицинаси институти, Булунғур туманидаги 48-умумий ўрта таълим мактаби, Нарпай туманидаги 30-, 68-умумий ўрта таълим мактаблари, Оқдарё туманидаги 38-умумий ўрта таълим мактаби, Жомбой тумани ободонлаштириш бошқармасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан ишлар қўзғатилган.

Шунингдек, Каттақўрғон туманидаги 37-, 41-, 43-, 55- ҳамда Оқдарё туманидаги 38-умумий ўрта таълим мактабларида мажбурий меҳнатга йўл қўйган мутасадди ходимларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 2-қисмига асосан маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан ишлар қўзғатилган.

Жами қўзғатилган ишларда 8 миллион 474 минг 100 сўм миқдоридаги жарималар қўлланилиб, давлат фойдасига ундирилган.

Ўрганишларда 5 та мурожаат бўйича мажбурий меҳнатга йўл қўйилганлиги исботланмаган.

Ё.ГАДОЕВ.