Самарқанд сафари ва ҳавасга бурканган оқшом

Самарқанд дунёни ҳамиша ўзига мафтун этиб келган азим кент. Йўл олганимиз кўҳна ва замонавий шаҳар бизни ҳароратли нафаси, қадим ва навқирон обидалари, юзи нонидек тафтли кишилари ила қарши олди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари билан шу кунги сафаримиз Самарқанднинг гўзал шоираси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Меҳнат шуҳрати” ордени ва “Шуҳрат” медали соҳиби Хосият Бобомуродованинг қутлуғ 70 йиллик таваллуд санаси муносабати билан бўлди.

   “Мен суюб гул узсам эмасман жаллод –

   Мен узмаган гуллар қилсинлар фарёд”, сатрлари муаллифи бўлмиш шоиранинг “Самарқандга мактублар”, “Дарёдан қатра”, “Ватан ягонадир”, “Қирқ йигит қиссаси”, “Қизилқум маликалари” каби ўттиздан зиёд шеърий тўплами китобхонлар қўлига, кўнглига етиб борган.

Асосий тадбир куннинг иккинчи қисмида “Боғишамол гарден” номли шинам боғда ташкил этилди. Вилоят ҳокимлиги, вилоят халқ таълими бошқармаси вакиллари қатори бошқа кўплаб ташкилот ходимлари иштирок этган тадбир жуда файзли ва хушкайфиятда ўтди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ шоирани табриклаб, уюшма раисининг табриги ва совғаларини етказди. Шундан сўнг уюшма аъзолари, шоиранинг дўстлари Фармон Тошев, Шарифа Салимова, Шаҳодат Исахонова, Мунаввара Усмонова, Дилбар Ҳайдарова, Меҳрибон Абдураҳмонова, Шодмонқул Салом, Тошпўлат Тугалов ва бошқалар сўзга чиқиб опани муборакбод этди. Қўллари гулларга тўлган Хосият опа ўтган умр йўллари, шундай кунларда ёнида бўлган дўстлари ҳақида самимий сўзлади ва тадбир ташкилотчилари ҳамда меҳмонларга миннатдорлик билдирди.

Кечани янада мунаввар этган жиҳат – Хосият Бобомуродованинг вилоят ҳокимлиги ҳомийлигида чоп этилган икки жилдлик янги сайланма китобининг тарқатилгани бўлди. Таваллуд кунига муносиб совға бўлган қўш китоб давра иштирокчилари қўлига тутқазилди. Шу куни ҳамманинг тилида, дилида бир жуфт ёруғ сўзни илғадим. У ҳам бўлса шоирага бўлган меҳр ва ҳавас эди. Зеро, адабиёти, унга қўштомир бўлган шоири улуғланган юртнинг бундай тантаналарига фақат ҳавас қилиш мумкин.

   Сафар ёрқин таассуротларга, ёдда қоларли ҳодисаларга бой бўлди. Булар ичида Хосият опа хонадонидаги ижодкорлар учрашуви, ҳамроҳ опаларимнинг дилкаш суҳбатлари, олим Хуррам Раҳимовнинг илм бобидаги ҳур фикрлари, яна зиёрат чоғида каминанинг адашиб, исмунчоқ тутган бир тўда лўлиларга чап бериб қолганим сир бўла қолсин...

Наргиза Асадова,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.