Самарқанд сайқали

Ер юзининг қадим шаҳарлари жумласидан бўлган Самарқанд илм ва олимлар баракотидан сайқал топган мунаввар ва муаззам маъводир. Қадимшуносларнинг фикрича, қарийб уч минг йиллик тарихга эга. Соҳа олимлари бу аниқловларда кўламли ишлар қилишган. Милоддан аввалги мингинчи йиллардаёқ Шарқ ва Ғарб цивилизацияларини боғлаб турувчи марказ бўлганини исботлашган. У ғарбда Византия, жанубда Вавилон, Шумер, Ҳинд, шарқда Хуанхе, Янцзи, шимолда Саҳрои Номадлар цивилизацияларини бир-бирига туташтириб турган. Аниқроғи, Самарқанд Шарқ цивилизацияси ривожида жуда муҳим аҳамият касб этган. Қадимий китоблар ва археологик манбаларга кўра, милоддан аввалги VIII-VII асрларда Сўғд давлати шакллангани ва унинг пойтахти Самарқанд эканлиги айтилган.

Ўтмишига доир  манбалар анча-мунча. Абдулкарим Самъонийнинг “Ал-ансоб” (VIII–XII асрлар), Абул Аббос Жаъфар ибн Муҳаммад ал-Мустағфарий ал-Мустафийнинг “Таворихи Самарқанд” (IХ аср), Абу Саъид Абдураҳмон ибн Муҳаммад ал-Идрисий (Х-ХI асрлар), Нажмиддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ан-Насафий ас-Самар¬қандий “Китоб ал-қанд фи тарихи Самарқанд” (ХII аср), Абулфайз Муҳаммад ибн Абдужамол ибн Абдумалик Ҳайдар ас-Самарқандий “Қандияи хурд”, Абу Тоҳирхожанинг “Самария” (IХ аср) каби асарлари шулар жумласидандир. Холисонилло айтилганда, “Ер юзининг сайқали”, “Нурли шаҳар”, “Мусулмон оламининг гав¬ҳари”, “Жаннати фирдавс-монанд”, деб улуғланиши замирида улкан ҳақиқатлар бор. Бу Аллоҳнинг инояти бўлиб, Самарқанд Турон заминда  илк бор Қуръони каримнинг асл нусхаларидан бири (Ҳазрат Усмон Мусҳаби) насиб этган, саҳобийлар (Қусам ибн Аббос ( р.а.)ни бағрига жо этган, саййидларга (Ҳасан ал–Амир) Мовароуннаҳрда даставвал ошён бўлган табаррук диёрдир.

Мозий кўксига битик бу баракотлар  сабабидан  у ислом маърифатидан нурланди. «Иймон келтирганларни ва илмга берилганлар»нинг ер юзидаги илм маркази - сайқали бўлиб нашъу наъмо топди. Ҳикмат қалъасига айланиб, авлиёлари, фозиллари, олиму уламолари билан шарафланди. Яъни, еттинчи асрнинг иккинчи ярмида ислом фатҳи сабабидан қадимий маданият маркази бўлган диёр ислом илму урфони ўчоғига айланди. Жараён VII–VIII асрларда шаклланган бўлса, IХ–Х асрларга келиб шариат ва тариқат дорулсалтанати даражасига етди.

Самарқанд азалдан илм маркази. Қадимий манбаларда таъкидланишича, (ХII асрдан ХIХ асргача бўлган оралиқ даврда Самарқандда 49 та мадраса фаолият кўрсатган. Уларнинг биринчиси Қусамия мадрасаси бўлиб, Абу Тоҳирхожанинг “Самария” асарида ёзилишича, Бани Ножия (ҳозирги Шоҳизинда) ҳудудида жойлашган. Ушбу мадраса салжуқийлар ҳукмдори Султон Санжар Мозий (1118–1157 йиллар) томонидан қурилган. Қирқ тўққизинчиси Хожа Зудмурод маҳалласида жойлашган Хожа Зудмурод мадрасаси бўлиб, Муҳаммад Карим Халифа ибн Мулла Муҳаммад Раҳим томонидан милодий 1854 йилда қуриб битказилган. Улар баробарида яна олтита алоҳида мактаблар ҳам бўлган. Мадраса ва мактабларда «Улуми мудаввана» (илмлар тартиби) асосида 74 соҳада диний ва дунёвий таълим берилган.

Юртимиздаги мадрасалар ҳақида эълон қилинган тадқиқотларда эътироф этилишича, IX-XIII асрлардан эътиборан ислом динига эътиқод қилувчи мамлакатларда, жумладан, Марказий Осиёда илк мадрасалар ташкил этилган. Абу Бакр Муҳаммад Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида айтилишича, уларнинг биринчиси Бухородаги “Форжак” мадрасаси  ҳисобланади. Самарқандда ҳоким Тамғоч Буғрохон Иброҳим XI асрда қурдирган мадраса ўрни Шоҳизинда сарҳадида аниқланган.

Мамлакатимизга ислом кириб келиши даврида араб ўлкаларида, шу жумладан, ажам диёрларида ҳам ҳали ўқув даргоҳлари йўқ эди. Аммо исломдан, шариатдан таълим берувчи олим зотлар бор эди. Кейинчалик шарт–шароит талабларидан мадрасалар ташкил этилиб, мударрислар таълим бериши жорий бўлди.

Қуйида Самарқандда фаолият кўрсатган илм устозлари - табаррук сиймоларнинг даври ва исму шарифларини эътиборингизга ҳавола этамиз:

Уммавийлар (VIII аср) даврида Турон заминда (Самарқандда) илк ислом устози айнан шу мақсадда келган  саҳобий Ҳазрат Қусам ибн Аббос (р.а.), тобеъинлардан Муҳаммад ибн Холид ибн Волид Самарқанд шаҳрининг биринчи имоми, Муҳаммад ибн Восиъ дин муаллими бўлганлар.

Аббосийлар (VIII-IX асрлар) даврида табъа тобеъинлардан Хожа Абду Берун ва ўғиллари Хожа Муизиддин Абду Дарун, Абу Али ал–Фузайл ибн Иёз ал–Маъсуд ас-Самарқандий, Абу Аҳмад Мусо ал–Хавоси ал-Мутаваъви  ас-Самарқандий, Имом Абу Музоҳим Сибоъ ибн Надр ал–Вазири ас- Самарқандий устозлик қилишган.

Тоҳирийлар ва Сомонийлар даврида (IX–X асрлар) улуғ муҳаддис Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ад–Доримий ас-Самарқандий (798 – 869 йиллар) ва шогирди Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал–Бухорий (810–870 йиллар), алломалардан Имом ал–Мотуридий (870-944 йиллар), Имом Абул Қосим ал–Ҳаким ас-Самарқандий (вафоти 953 йил), Имом Абу Лайс ас-Самарқандий (вафоти 983 йил), Абул Фазл Муҳаммад Балхий (вафоти 931 йил), Абул Форис (Имом Фаворис) Али Бағдодий ас- Самарқандий (вафоти 953 йил) етук уламолардан бўлишган.

Қорахонийлар (X–XIII асрлар) даврида Имом Али ас-Суғдий (вафоти 1069 йил), Имом Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад ал–Паздавий (1009–1089 йиллар) Абул Маҳомид Муҳаммад бин Абдухолиқ бин Абдуваҳҳоб ал–Киндий ас-Самарқандий (вафоти 1050 йил), Абул Аббос Жаъфар ал–Мустағфирий (961-1041 йиллар), Абу Саъид Абдураҳмон ал–Идрисий (вафоти 1015 йил), Имом Добусий, Имом Ғўбдиний, Имом Уструшоний, Имом Косоний, Имом Абдулазиз Марғиноний, Имом Ўсмандий ва Имом Навқадакий ал–Иштихонийлар таълим пешволари бўлишган.

Қорахитой, Хоразмшоҳлар давридан чингизийлар замонигача (XII- XIII аср) илму маърифат аҳли бўлганлар: Имом Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ан–Насафий ас-Самарқандий (1068-1142 йиллар), фақиҳ Абн Наср Аҳмад ад–Дайламий (вафоти 1163 йил), аллома Бурҳониддин ал–Марғиноний (1123–1197 йиллар), фақиҳ Маъсуд бин Маҳмуд ас- Самарқандий (XIII-XIV асрлар). Чингизхон – Темучин ва чингизийлар даврида (XIII аср) илму фан ғорат этилган бир замон бўлдики, тарихимиз маърифат хусусида сукут этади.

Амир Темур ва темурийлар (XIV-XVI аср) даврида шайхулислом Мавлоно Абдумалик, Исомуддин ибн Абдумалик, Хожа Абдулаввал, Нўмониддин Хоразмий, Абулжаббор ибн Нўъмон, Саъдуддин Тафтазоний, Саййид Шариф Муҳаммад Журжоний, қорилардан Мавлоно Қутбиддин, Мавлоно Убайт, Мавлоно Фахруддин, Мавлоно Дарғомий, Мавлоно Асаддуддин, Шариф Ҳофиз Ҳусайний, Маҳмуд Муҳриқ ал–Хоразмий, Жамолуддин аҳмад ал–Хоразмий, воизлар Мавлоно Аҳмад ибн Шамсул–аимма, Мавлоно Аҳмад ат–Термизий, Мавлоно Мансур ал–Қоғоний, фақиҳ Алоуддин ат–Табризий, Муҳаддис Шайх Шамсуддин Муҳаммад ал–Жазоир, ҳофизи тафсир ва муҳаддис Хожа Муҳаммад аз–Зоҳиди Бухорий каби аҳли илм вакиллари турли мамлакалардан жамланан бўлиб, улар Ибн Арабшоҳ таъкидлаганидек, етуклик салоҳият билан ўз даврининг пешволари эди.

Султон Мирзо Улуғбек даврларида Самарқандда илм янада ривож топиб, пойтахт фанлар салтанатига айланган. Бу даврда ўнлаб алломалар, мударрислар фаолият кўрсатишган. Мавлоно Хавофий, Қозизода Румий, Ғиёсуддин Жамшид Коший, Али Қушчи, Мавлоно Исомиддин, Файзуллоҳ Абу Лайс ва ҳазрат Абдураҳмон Жомий шу мўътабар зотлар жумласидан эдилар.

Суюндик Мустафо НУРОТОИЙ.

(Давоми бор)