Самарқанд шаҳар Амир Темур кўчасидаги маданий мерос объекти бузиб ташланмаган, аксинча...
Жорий йилнинг 4 август куни ижтимоий тармоқларда эълон қилинган Самарқанд шаҳри Амир Темур кўчасида жойлашган давлат ҳимоясидаги фуқаролик иншоотининг бузиб ташланганлиги юзасидан Самарқанд вилояти Маданий мерос бошқармаси қуйидагиларни маълум қилади:
Хусусий мулк сифатида бугунги кунда фуқаро И.С.га тегишли бўлган Самарқанд шаҳри Амир Темур кўчаси 37-уй манзилида жойлашган фуқаролик иншооти XIX-XX асрлар ёдгорлиги сифатида Самарқанд вилоят ҳокимининг 2000 йил 14-мартдаги 83-К қарори билан маданият ёдгорлиги сифатида давлат муҳофазасига олинган ва кейинчалик Ўзбекистон моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари Миллий рўйхатига киритилган.
1994 йилда қурилиш нормаларига зид равишда маданий мерос иншоотига қўшимча қилиб устидан тўғридан-тўғри иккинчи қават қурилган. Биринчи қаватидаги асосий ва ўрта деворлар хом ғиштдан қурилгани боис вақт ўтиши билан иккинчи қаватнинг оғирлиги тарихий бинонинг авария ҳолатига келиб қолишига асосий сабаб бўлган.
Тарихий бино авария ҳолатида бўлса ҳам уни бузиш бўйича Маданият вазирлиги ёки Самарқанд вилояти Маданий мерос бошқармаси томонидан ҳеч қандай рухсат ёки кўрсатма берилган эмас.
Бино эгасининг билдиришича, яқин кунларда маданий мерос объектига туташ ҳудудда келишилган лойиҳа асосида олиб олиб борилаётган қайта қуриш ишларида оғир техникалардан фойдаланилганлиги натижасида хом ғишлардан иборат биринчи қават деворлари дарз кетган ва натижада иккинчи қават биринчи қаватни босиб қолган экан.
Самарқанд вилояти Маданий мерос бошқармаси Самарқанд шаҳри Амир Темур кўчаси 37-уйдаги маданий мерос объектининг бузилиши сабабларини аниқлаш бўйича мустақил экспертиза текшируви тайинлаган ва бино эгасига иншоотни малакали реставраторларни жалб қилиб асл ҳолатини тиклаш бўйича кўрсатма берган.
Маданий мерос объектини асл ҳолати тикланмаган тақдирда айбдор шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўриш назарда тутилган.