Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси давлат харидини амалга ошириш жараёнида қонунчилик талабларини бузганлиги аниқланди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2022 йилнинг январь ойида давлат буюртмачиларининг давлат харидлари махсус ахборот порталига жойлаштирилган давлат харидларига оид эълонлар масофавий мониторинг тартибида ўрганилган.
Ўрганишда, давлат буюртмачилари томонидан ўтказилган қурилиш соҳасидаги давлат харидлари сунъий равишда қисмларга бўлингани, айрим давлат харидларида бир хил иштирокчилар такроран ғолиб бўлгани, айрим буюртмачилар қонун талабларига зид равишда қурилиш соҳасидаги давлат харидлари бўйича эълонларни “Шаффоф қурилиш” ахборот марказининг “tender.mc.uz” махсус платформасига жойлаштирмагани ва бошқа қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
Хусусан, Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси буюртмачилигида 2021 йил 27 март куни “Самарқанд шаҳар марказий кўча ва хиёбонларига дизайн асосида дарахт экиш ишлари”ни амалга ошириш бўйича 230 млн. сўмлик давлат харидини амалга ошириш жараёнида қонунчилик талаблари бузилгани аниқланган. Яъни, бир хил иштирокчилар қатнашган ва бир хил иштирокчи ғолиб бўлган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги буюртмачига давлат харидларини бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш бўйича тақдимнома киритган.