Самарқанд шаҳрида такси ҳайдовчилардан таъмагирлик қилиб келган жиноий тўда фаолиятига чек қўйилди
Жиноий гуруҳ аъзоларига қарши чиққан ёки уларга пул бермаган фуқароларга нисбатан гуруҳга ёлланган бир гуруҳ уюшган спортчилар орқали зўравонлик ва оғир турдаги тан жароҳатлари етказиб келишган.
Аввалроқ Булунғурда юзлаб такси ҳайдовчиларидан доимий равишда пул олиб юрган товламачилар гуруҳи вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан фош этилган эди. Шунга ўхшаш ҳолат Самарқанд шаҳрида ҳам аниқланди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан 16 февраль куни ўтказилган тадбирда Самарқанд шаҳрида яшовчи ҳайдовчилардан таъмагирлик қилиб келган бир гуруҳ шахслар фаолиятига чек қўйилди.
Аниқланишича, Самарқанд шаҳрида яшовчи бир қатор криминалитет вакиллари — муқаддам жиноий жавобгарликка тортилган 7 нафар шахслар “Самарқанд-Навоий” ва “Самарқанд-Бухоро” йўналишида қатновчи ҳайдовчилардан зўравонлик ва товламачилик йўли билан, доимий йўналишда таксичилик қилиш учун 300-500 АҚШ доллари ҳамда кунлик қатновчи ҳайдовчилардан 30 000-50 000 сўмгача пул маблағларини таъмагирлик йўли билан ундириб келишган.
Жиноий гуруҳ аъзоларининг фаолиятига қарши чиққан ёки сўралган пул маблағларини бермаган фуқароларга нисбатан гуруҳга ёлланган бир гуруҳ уюшган спортчилар орқали жисмоний тазйиқ, зўравонлик ва оғир турдаги тан жароҳатлари етказиб келишган.
Ўтказилган тезкор тадбирда гуруҳ етакчилари “В.Ф.” ва “Э.Д.”лар тадбирга жалб қилинган фуқароларга товламачилик қилаётган вақтида жиноят устида қўлга олинган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган.