Булунғурда юзлаб такси ҳайдовчиларидан доимий равишда пул олиб юрган товламачилар гуруҳи фош этилди: Гуруҳ аъзолари фуқарони дўппослагани ҳам ойдинлашмоқда

Аниқланишича, мазкур гуруҳ бир қатор такси ҳайдовчиларидан лицензияси бўлмагани учун, 17 та нафар рухсатномага эга бўлса ҳам, 100 нафар такси ҳайдовчисидан йўловчи ташиш корхонасига тўлов баҳонаси билан ҳар куни 40 минг сўмдан ундириб келган.

Вилоят ИИБ ахборот хизматига кўра, ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бошқармаси ходимлари томонидан Булунғур тумани марказида жойлашган “Булунғур деҳқон бозори” ҳудудида икки нафар шахснинг фуқаролардан лицензиясиз киракашлик фаолияти билан шуғулланаётганлиги учун доимий равишда товламачилик йўли билан пул талаб қилиб келаётганлиги тўғрисида маълумот келиб тушган.

Ҳолат бўйича 2021 йил 23 декабрь куни “Булунғур деҳқон бозори” олдида Самарқанд вилояти ИИБ ҳамда ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбирда фуқаро И.К. такси ҳайдовчисидан кунлик талаб қилиб келаётган 40 000 сўм пулларни олган вақтида далилий ашёлар билан ушланган. Гуруҳ аъзолари И.К. ва шериги А.К. лар Булунғур туман ИИБга олиб келиниб, холислар иштирокида ён чўнтаклари кўздан кечирилганда чўнтакларидан тадбир учун ишлатилган махсус ишлов берилган пуллар эканлиги аниқланиб, холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинган.

Шундан сўнг суриштирув давомида юқоридаги шахслар “Гулбаҳор опа транс” МЧЖ ходимлари 17 та такси автомашиналарига рухсати бўлишига қарамасдан, 100 га яқин такси автомашиналардан кунлик 40 минг сўмдан пул маблағларини ноқонуний равишда ундириб, МЧЖнинг раҳбари Х.Г.га бериб келишини ва ўзларининг шахсий манфаатлари йўлида ишлатиб келаётганлигини маълум қилган.

“Гулбаҳор опа транс” МЧЖда пул териш ишлари билан шуғулланувчи яна 3 нафар фуқаро аниқланиб, туман ИИБга олиб келинган.

Бундан ташқари, ўтказилган тезкор тадбир давомида, Булунғур тумани марказида жойлашган бекатларда пул йиғиш билан шуғулланувчи шахс билан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида, у “Баҳора авто йўловчи” ХКда ишлашини ва йўналишига қараб кунлик “стоянка” хаққи учун ҳар бир автомашинадан кунлик 2 минг сўмдан 4 минг сўмгача, лицензиясиз фаолият олиб боришлари учун эса ҳар бир автомашина эгасидан кунлик 20 минг сўмдан 50 минг сўмгача нақд пул маблағларини териб олишини ва жамият раҳбари Э.А.га топширишини маълум қилган.

Шундан сўнг, “Баҳора авто йўловчи” ХК директори Э.А. ушланиб, шахсий тинтув қилинганда, унинг ёнидан такси автомашиналарини ёзиб борувчи дафтар, ручка ва 670 минг сўм пуллар борлиги аниқланиб, холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолатлар бўйича олиб борилаётган терговга қадар текширув давомида, И.К. ва А.К. лар бир гуруҳ бўлишиб, 2021 йил 28 август куни соат 13:30 ларда жамоат жойи ҳисобланган Булунғур тумани “Меҳржон” маҳалласи ҳудудида жамиятда ўрнатилган одоб-ахлоқ нормаларига зид равишда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, ҳеч бир сабабсиз фуқаро Д.Р. танасининг турли соҳаларига уриб-дўппослаб, унга тан жароҳати етказишганлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан Булунғур туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан И.К. ва А.К. ларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчилар ушланган.