Самарқанд шаҳрида туннель қурилиши бошланди (фото)

Кеча - 7 сентябрь куни Самарқанд шаҳрининг Рўдакий ва Бўстонсарой кўчалари кесишмасида туннель қурилишига старт берилди. Мазкур туннель «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «Кўприкқурилиш» трести УК томонидан амалга оширилади.

Қурилишга тамал тоши қўйиш маросимида Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари О.Раматов, вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Шукуров иштирок этди.

Туннель Рўдакий кўчаси бўйлаб ўтади. Бўстонсарой кўчаси бўйлаб келган автомобиль чорраҳада доиравий ҳаракат билан Рўдакий кўчасига тушиб олади. Рўдакий кўчаси бўйлаб ўтган трамвай йўли ҳам туннель остидан ўтади. Мазкур транспорт ечими қурилиши даврида 2-йўналишдаги «Темирйўл вокзали — Сиёб бозори» трамвайининг қатнови ҳам вақтинча тўхтатилиб туради.

Лойиҳаларга кўра, туннель типидаги йўл ўтказгичнинг умумий узунлиги 534 метр бўлади. Туннель қисмининг узунлиги 93 метрга етади. Бўстонсарой кўчаси бўйлаб кенглиги 6 метр, баландлиги 3 метр бўлган пиёдалар ер ости ўтиш йўлкаси ҳам қилинади.

Қурилишда 14750 куб метр йиғма ва монолит темирбетон ишлатилади. Бунда, 7375 тонна цемент, 3130 тонна арматура, 78,5 тонна металл прокат ишлатилади. Қурилиш-монтаж ишларининг қиймати 67 миллиард 730 миллион сўмни ташкил этади.

Самарқанд вилояти

Қурилиш Бош бошқармаси.