Самарқанд шаҳрида “Зармед” хусусий университети биноси қурилди

Ушбу таълим маскани давлатимиз раҳбарининг “Зармед Пратикша” кўп тармоқли тиббиёт марказига ташрифи чоғида Самарқанд шаҳрида хусусий тиббиёт университети ва клиникадан иборат тиббиёт кластерини ташкил этиш тўғрисидаги топшириғи доирасида барпо этилди.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бўлажак талабалар учун яратилган шароитлар билан танишди. Университет ташкилотчиси, “Зармед холдинг" раҳбари таъкидлаганидек, таълим муассасаси айни пайтда талабаларни қабул қилишга тайёр. Лойиҳа қиймати 5 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Замонавий ўқув бинолари ва лабораториялар энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, бунинг учун 1 миллион АҚШ доллари сарфланган.

Беш қаватли бинода талабалар ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг барча эҳтиёжлари инобатга олинган. Уларнинг ихтиёрида ўқув ва бадиий адабиётлар, жумладан, электрон кутубхона, лингафон лабораториялари, интерактив доскалар билан жиҳозланган ақлли синфхоналари, ошхона, фаоллар заллари ва бошқалар мавжуд.

Янги университетда дарслар уч тилда: ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади.

Таълим муассасаси очилиши билан 300 нафарга яқин киши доимий иш билан таъминланади. Биринчи босқичда 1000 нафар талабани ўқишга қабул қилиш режалаштирилган. Ўтган йили Бухоро шаҳрида ҳам шундай университет очилган эди.