Самарқанд шаҳридаги 10 дан зиёд хонадонда табиий газдан ноқонуний фойдаланилаётган ҳолат аниқланди
Кейинги пайтларда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши аҳолининг табиий газга бўлган талабини оширяпти. Бироқ газ босимининг пастлиги сабабли хонадонларни тўлиқ табиий газ билан таъминлашда муаммолар юзага келмоқда.
Қолаверса, бу асосий сабаб ҳам эмас. Яъни, бундай вазиятда айрим истеъмолчиларнинг ўзбошимчалик билан ноқонуний газ тортиш насослари ўрнатиши газ босимини бир меъёрда ушлашнинг бузилишига, белгиланган ҳудудларга газ етиб бормаслигига олиб келяпти.
Албатта, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги мазкур ҳолатларни ўрганиш ва уларни бартараф этиш бўйича ишлар олиб боряпти. Хусусан, ҳокимлик томонидан вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси, “Ҳудудгаз Самарқанд” МЧЖ ва бошқа тегишли ташкилотлардан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилиб, мунтазам равишда рейд тадбирлари ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг 15-16 январь кунлари ташкил этилган рейд тадбирларида ўндан ортиқ ноқонуний газ тортиш насослари ўрнатилгани кузатилди. Аниқланган газ тортиш қурилмалари ишчи гуруҳ томонидан олиб ташланди ва газдан ноқонуний фойдаланган фуқароларга белгиланган тартибда чора кўриш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар берилди.
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.