Самарқанд шаҳридаги 24-мактабда қўй сўйилмаган
Жорий йилнинг 12 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги 24-умумтаълим мактабида қассобхона очилгани ёхуд қўй сўйиб, гўшти сотилганлиги билан боғлиқ маълумот тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан бугун вилоят халқ таълими бошқармаси, Самарқанд шаҳар давлат санитария-эпидемиология осойишталик маркази ҳамда шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ходимлари иштирокида шаҳардаги 24-умумтаълим мактабида ўрганиш ишлари олиб борилди.
Маълум бўлишича, ушбу мактабнинг технология фани ўқитувчиси И.А. 2019 йилнинг 11 ноябрь куни укаси Д.У. боққан бир бош қорамолни Пайариқ туманидаги “Дилноза” масъулияти чекланган жамияти кушхонасида сўйдириб, гўшт маҳсулотининг маълум қисмини мактаб ўқитувчиларининг илтимосига кўра, Самарқанд шаҳридаги 24-умумтаълим мактаби ҳудудида, ўқув бинодан 100-150 метр узоқликда нимталаб тарқатган. Ўқитувчилар гўштни насияга олиб, ўзаро келишган ҳолда пулини ойлик маош олганда беришга келишган.
Ҳолат мутахассислар томонидан ўрганилганда, ҳақиқатан ҳам мактаб ҳудудида қорамол ҳам, қўй ҳам сўйилмагани, олиб келинган қорамол кушхонада сўйилганлигига ойдинлик киритилди (Самарқанд вилоят Пайариқ тумани ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимининг 027298-сонли маълумотномаси мавжуд).
Бироқ гўштни нимталаб, тарқатган фуқароларнинг тиббий кўрикдан ўтган ёки ўтмаганлиги номаълумлиги, шунингдек, уларнинг махсус кийимда эмаслиги мутахассислар томонидан ўқитувчи ҳамда мактаб раҳбариятига тушунтирилиб, уларга тегишли тартибда огоҳлантириш берилди.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.