Самарқанд шаҳридаги 24-умумий ўрта таълим мактабида “Билимлар куни” тадбири ўтказилди

Бугун, 4 сентябрь куни Самарқанд шаҳридаги 24-умумий ўрта таълим мактабида янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан “Билимлар куни” тадбири ўтказилди.
Шунингдек, “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида мустақиллик дарслари ташкил этилди. Ундан ташқари 1-синфга қабул қилинган ўқувчиларга “Президент совғаси” тарқатилди.
- Мактабимизда янги ўқув йилини 2810 нафар ўқувчи билан бошладик, - дейди мактаб директори Т.Долиева. – Уларнинг 310 нафари илк қадамлари билан биринчи синфга қабул қилинди. Бу йил 186 нафар ўқувчимиз 11-синфни тамомлаб, ўзларининг қизиқиши бўйича ўқишини давом эттиради. Ўтган йили 36 нафар битирувчиларимиздан 20 нафари олий ўқув юртига ўқишга қабул қилинди. Бу албатта биз ўқитувчи-мураббийларга бўлган баҳо деб биламиз. Қувонарлиси, мактабимиз 2021-ўқув йилига қадар PISA халқаро рейтингга олинган таянч таълим даргоҳи ҳисобланади. Унга муносиб бўлиш учун доим ҳаракатда бўлиб, ўз устимизда тинимсиз ишлаймиз.
Янги ўқув йили арафасида мактаб кутубхонасига ўқувчилар ота-оналари томонидан бадиий асарлар тўпламлари ҳам совға қилинди. Шунингдек, мактабнинг катта синф ўқувчиларига мустақиллик дарсини Самарқанд шаҳар хотин-қизлар қўмитаси етакчи мутахассиси З.Умирова ўтди.
Ҳусан Элтоев.