Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд шаҳридаги барча автобуслар 200 ва 500 сўмлик қийматдаги тангалар билан таъминланди

200, 500 сўмлик банкноталарнинг муомаладан чиқарилиши натижасида транспорт кохоналари ҳайдовчилари йўловчиларга қайтим бермаслик ниятида “майда пул йўқ”, дея жавоб бериш ҳоллари учраб турибди. Бу эса ўз навбатида аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётир.

Жорий йилнинг 3 июль санасида Zarnews.uz телеграм каналида Самарқанд шаҳрининг ички йўлларида қатновчи 64-рақамли йўналишдаги автобус ҳайдовчисининг хатти-ҳаракатлари танқид остига олинган. Бундан ташқари Pastdarg‘omliklar телеграм каналида ҳам қайтим борасида салбий фикрлар ўртага ташланди. Ушбу танқидлар юзасидан facebook тармоғидаги фойдаланувчилар ҳам ўз фикрларини баён этишди. Афсуски, айтилган фикрларнинг барчаси ҳақиқат.

Билдирилган танқидий фикрлар юзасидан вилоят транспорт бошқармаси ходимлари жойларда ўрганиш ишлари олиб боришмоқда. Юзага келган вазият бўйича ҳар бир автокорхона раҳбари билан суҳбат ўтказилди. Муҳокамага сабаб бўлаётган ҳолатлар ўрганилиб, муаммоларни бартараф этиш чоралари белгиланди. Муаммонинг ечими сифатида банкларга мурожаат қилиниб, 2018 йил намунасидаги 200 сўмлик ва 500 сўмлик қийматдаги тангалар билан барча автобуслар таъминланди.

“Сухробтранссервис ХАТУ” маъсулияти чекланган жамиятига қарашли 64-йўналишда юзага келган вазият бўйича корхона ходимлари ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилди. Барча ҳайдовчиларга ўз вақтида қайтим бериш, йўловчиларга нисбатан хушмуомалада бўлиш вазифаси юкланди.

Ҳурматли йўловчилар! Агар автобусларда қайтим берилмаслик ҳолатларига ёки бошқа бир муаммога дуч келсангиз, Самарқанд вилояти транспорт бошқармасининг (66) 233 31 38 ёки (93) 834 01 10 рақамли ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг. Шу билан биргаликда (93) 834 01 10 рақамидаги телеграм ботига хабар йўллашингиз мумкин.

Бундан ташқари, жамоат траспортидан нақд пулсиз тўлов усулидан фойдаланишни тавсия қиламиз. Бу борада “Tezcard” электрон тўлов тизими жорий қилинган. Бу ҳам нақдингизни, ҳам вақтингизни тежайди.

Жамоат транспортида йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш тизимини яхшилаш учун Сизнинг ҳар бир фикрингиз биз учун муҳим.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати.