Самарқанд шаҳридаги лицейларда ўқиш бошланган. Лекин жиҳозлаш ва бошқа талаблар бажарилганми?

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2020 йил 5 октябрдаги “Олий таълим муассасалари тасарруфидаги академик лицейларда 2020-2021 ўқув йилини анъанавий тарзда бошлаш тўғрисида”ги буйруғига асосан 15 октябрдан олий таълим муассасалари тасарруфидаги академик лицейларда 2020-2021 ўқув йили дарс жараёнларини анъанавий тарзда бошлаш белгиланган.

Бунда санитария меъёрлари (СанПин) талаблари бажарилган тақдирда ва ота-оналар ҳамда депутатлардан ижобий хулоса берилгандан сўнг академик лицейларда ўқув жараёнини бошлашга тайёрлиги ҳақида ҳудудий ишчи гуруҳларнинг хулосаси олиниши белгилаб қўйилган.

Самарқанд шаҳридаги академик лицейларда ўқувчиларнинг ота-оналари билан ўтказилган ижтимоий сўровлар натижаларига асосан 56,1 фоиз ота-оналар фарзандларининг академик лицейга келиб ўқишига, 43,9 фоизи эса онлайн таълимга хоҳиш билдирган.

Академик лицейлар пандемия шароитида ўқувчиларни қабул қилишга тайёрми? Бу борада берилган кўрсатмаларни тўлақонли амалга ошириш учун барча имкониятлар мавжудми? Лицейлар санитар-гигиеник талабларга жавоб берадими?

Жорий йилнинг 20-21 октябрь кунлари Самарқанд шаҳридаги олий таълим муассасалари таркибига кирувчи 7 та академик лицейларда мазкур саволларга жавоб изланди. Яъни, халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг махсус ишчи гуруҳи лицейлардаги мавжуд аҳвол ҳамда янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолатини ўрганди.

Деярли барча академик лицейлардаги гуруҳ хоналари, йўлаклар янги ўқув йилига тайёр, фақат Самарқанд тиббиёт институти тасарруфидаги академик лицейда капитал таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Лицейнинг 3- қаватида таъмирлаш ишлари якунланган. Лекин 1- ва 2-қаватда таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Айни пайтда Самарыанд тиббиёт институти ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти қошидаги академик лицейнинг педагог кадрлари тиббий кўрикдан ўтмоқда. Самарыанд давлат университети, Самарқанд ветеринария медицинаси институти, Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти қошидаги академик лицейларнинг педагог ўқитувчилари 2021 йилнинг январь ойида тиббий кўрикдан ўтиши режалаштирилган.

Лицейларнинг педагог-ўқитувчилари коронавирусга қарши тест топширган. Натижаларга кўра, СамТИ академик лицейнинг 2 нафар техник ходимида, Самарқанд ветеринария медицинаси институти академик лицейининг 6 нафар ўқитувчи ва 2 нафар техник ходимларида, СамИСИ академик лицейининг 3 нафар ўқитувчи ва ҳамширасида, СамДЧТИ академик лицейининг 1 нафар ўқитувчисида мусбат натижа қайд этилган.

Барча лицейларда тиббиёт хоналари мавжуд. Лекин СамТИ академик лицейи тиббиёт ва изоляция хоналари таъмирталаб, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти академик лицейи тиббиёт ва изоляция хоналари ўқув биносидан узоқда, яъни ётоқхонада жойлашган.

Академик лицейларда асосан 0,5 ёки 1 штат бирлигида ҳамшира ва 0,25 ёки 0,5 штат бирлигида умумий амалиёт шифокори бириктирилган. Демак, шифокор ҳафтанинг фақатгина маълум бир кунида ишлайдиган бўлса, ҳафтанинг қолган кунлари ва иккинчи навбатдаги ўқитувчи ва ўқувчиларнинг соғлиғига ким жавоб бериши мавҳум қолмоқда.

СамТИ академик лицейида на шифокор, на ҳамшира штати бор. Ваҳоланки, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг саломатлигини доимий назоратга олиш, инфекция синтомлари сезилган вақтда дарҳол тегишли тадбирларни кўриш учун ҳам тиббиёт ходимлари зарур.

СамДЧТИ, СамТИ ва СамВМИ, СамДАҚИ академик лицейларида тана ҳароратини ўлчайдиган асбоблар ўқувчи сонига нисбатан етарли даражада таъминланмаган.

Бугунги кунда барча ўқитувчи-педагоглар, лицей ишчи-ходимлари иш жойида фаолият олиб боришларини ҳамда ташқаридан келадиган шахсларни инобатга олсак, оддий кўринган бу эҳтиёжнинг аҳамиятини мутасаддилар ҳисобга олмаган кўринади. Шунингдек, дезинфекция учун хлор, ҳар 2-3 соатда алмаштириб туриш учун бир марталик ниқоблар, антисептик воситалар керак.

Албатта, ушбу масалани шаҳар молия бўлими ижобий ҳал этиши талаб этилади.

Ўрганиш давомида барча академик лицейларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ва санитар-гигиеник хоналарнинг аҳволи ўрганилди. Академик лицейлардаги ички санитар-гигиеник хоналар таъмирланган, керакли дезинфекцияловчи воситалар билан таъминланган. Фақатгина СамТИ қошидаги лицей биносининг 1-қаватдаги аёллар учун мўлжалланган бундай хона авария ҳолатида.

Ўрганилган академик лицейлардаги иссиқлик тизими, яъни қозонхоналар тартибга келтирилган, ишчи ҳолатида. Қайд этиш лозимки, СамТИ лицейи биносининг атрофи ўралмаган. Фикримизча, фақатгина видеокузатув мосламалари билан хавфсизликни назорат қилиш муаммо туғдиради.

Қайд қилинган муаммолар халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг сессияси кун тартибига киритилиб, соҳа мутахассилари, мутасаддиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Қабул қилинган қарорда бажарилиши лозим бўлган ишлар юзасидан тегишли мутасаддиларга аниқ муддат белгиланди.

Муҳиба БОБОБЕКОВА,

халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати, ишчи гуруҳ раҳбари.