Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек ва Гагарин кўчалари чорраҳасида тоннель қурилиши бошланди

Абу-Даби Тараққиёт жамғармаси иштирокида «Самарқанд шаҳри инфратузилмасини модернизация қилиш» инвестиция лойиҳаси бўйича шаҳарнинг Гагарин ва Мирзо Улуғбек кўчалари кесишмасида қазиш ишлари олиб борилиб, узунлиги 44 метр бўлган тоннель қурилишига киришилди.

Мазкур лойиҳа "Меъмор Ўткир Човка ЛЛC" (Ўзбекистон) & "Shaanxi Road and Bridge Group Co., Ltd” (Хитой) – консорциуми томонидан амалга оширилмоқда. 

Ҳозирда чорраҳада босқичма-босқич электр энергияси ҳамда алоқа тармоқларини кўчириш ишлари олиб борилмоқда. Айни пайтда чуқурлиги 5 метр, эни 190 сантиметр бўлган ҳандақ қазилиб, сув оқова тармоқларини ўтказиш учун бетон қувурлар ташланмоқда.

- Қурилиш ишларида 5 нафар хитойлик ва туркиялик малакали мутахассислар ҳам яқиндан ёрдам бермоқда, - дейди лойиҳанинг техника хавфсизлиги бўйича муҳандиси Алишер Уметов. – Ҳозиргача 170 метрдан зиёд масофадаги эски коммуникация тармоқлари хавфсиз ҳудудга кўчирилди. 

Объектда вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонаси, «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали, «Самарқанд сув таъминоти» МЧЖ мутахассислари ўзларига белгиланган ҳудудларда меҳнат қилмоқда. 

Асосий қазиш ва кавлаш ишлари Тойлоқ туманидаги «Шуҳрат Қамбаров газ сервис» хусусий корхонаси ишчилари зиммасига юклатилган. 

- Ҳудудни тозалаб, ҳандақ кавлашда ер остида кўмилиб кетган, бироқ айни пайтда ишлаб турган коммуникация ва оқова, электр энергияси тармоқларини чиқариб олиш бироз қийин бўлмоқда, - дейди «Шуҳрат Қамбаров газ сервис» хусусий корхонаси раҳбари Ш.Қамбаров. –  Аммо махсус техникалар ва тажрибали мутахассислар ёрдамида бу ишларни амалга ошириб келяпмиз.

Дилмурод ТЎХТАЕВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ олган суратлар.