Самарқанд шаҳридаги РШТЁИМ Самарқанд филиали, 2- ва 10-оилавий поликлиника, шаҳар солиқ инспекцияси ва вилоят газ тармоқлари корхонасида касаллик ўчоқлари аниқланган
Самарқанд шаҳар ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, шаҳар ҳудудида қаттиқ карантин ҳолатини ўрнатиш, коронавирус инфекцияси тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида 26 та тўсиқ постлар, шаҳар ичида 18 та ЙҲХБ, ДХХ, ИИО ФМБ ва СЭОМ ходимларидан ташкил этилган мобил-рейд гуруҳлари, 2-сменада ишловчи 39 та автопатруль йўналишлари, 51 та кундузги, 22 та кечки смена пиёда патруль гуруҳлари ташкил этилган.
Самарқанд шаҳрида ўтказилган рейдлар давомида 3 612 та карантин қоидаларини бузган фуқаролар аниқланиб уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-моддаси 1-қисми ва 2-қисмига асосан маъмурий баённомалар тузилган.
Шаҳар ҳудудида жойлашган 30 та тиббиёт муассасалари, жумладан, 19 та шифохона, 11 та поликлиникага коронавирус касаллигига қарши профилактик тиббий чора-тадбирларни олиб бориш мақсадида 945 нафар тиббий ходимлар - 98 нафар врачлар, 825 тиббий ҳамширалар, 22 нафар мутахассислар бириктирилган.
Бугунги кунга қадар РШТЁИМ Самарқанд филиали, 2- ва 10-оилавий поликлиникалар, Самарқанд шаҳар солиқ инспекцияси ва вилоят газ тармоқлари унитар корхонасида касаллик ўчоқлари аниқланган.
Санитария-эпидемилогик осойишталик маркази ходимларидан иборат касалликни аниқлаш бўйича тузилган 4 та ишчи гуруҳи ходимлари томонидан шу кунга қадар 144 та хонадондан 1 750 нафар фуқаролардан касалликни аниқлаш учун таҳлиллар олиниб, вилоят санитария-эпидемилогик осойишталик маркази лабораториясига юборилган.
Самарқанд шаҳридаги 7 та меҳмонхонада вилоят шаҳар-туманларида яшовчи коронавирус инфекцияси тасдиқланган фуқаролар билан бирламчи мулоқотда бўлган 303 нафар фуқаролар даволанмоқда.