Самарқанд шаҳридаги “Табака 24”да базм уюштирганлар жазоланадими?
Жорий йилнинг 11 май куни кеч соат 22:30 ларда Самарқанд вилояти давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаси инспекторлари билан биргаликда ИИБ ходимлари ва “Севимли” телеканали ходимлари иштирокида ўтказилган тезкор тадбирда Самарқанд шаҳрининг Беруний кўчасида жойлашган “Табака 24” умумий овқатланиш мажмуаси биносида тайёрланган таомларни етказиб бериш (доставка) хизмати йўлга қўйилган бўлса-да, карантин талабларига бўйсунмаган ҳолда 12 нафар фуқаро йиғилиб, базм ташкил қилганликлари аниқланган.
Ушбу ҳуқуқбузарлик Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 23 апрелдаги “COVID-19 пандемияси даврида чеклаш тадбирларининг қўлланиши шароитида давлат идоралари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ташкил қилиш тўғрисида”ги вақтинча санитария қоида ва меъёри талабларининг қўпол равишда бузилишига сабаб бўлган.
Вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаси инспекторлари ва ИИБ ходимлари базм иштирокчиларига танбеҳ беришганида ҳуқуқбузарлар нотўғри тушуниб, ходимларга нисбатан қўпол муомалада бўлган ва зўравонлик ҳам ҳақорат сўзларни ишлатишган. Шундан сўнг ҳуқуқбузарлар ИИБ ходимлари томонидан Самарқанд шаҳридаги 4- ИИБ бўлимига олиб кетилган.
Самарқанд вилояти давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаси ахборот хизмати.