Самарқанд шаҳрига 18 минг гектар ер қўшилади

Вилоятимизни туристик ҳудудга айлантириш мақсадида шаҳарга Самарқанд, Паст Дарғом, Тойлоқ ва Оқдарё туманларидан 18 минг гектар ер майдони қўшилади. Вилоят маркази Самарқанд тумани Гулобод қўрғонига кўчирилади. Шаҳарда бошқарув тизимини янада яхшилаш учун келгуси йилдан Самарқанд шаҳри таркибида туманлар ташкил этилади.

Йил якунигача хорижлик лойиҳачилар жалб этилиб, Самарқанд шаҳри ҳудудининг кенгайишини ҳисобга олиб, бош режа лойиҳаси қайта кўриб чиқилади.

Жорий йилда Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивида 3500 хонадонли 29 та 16 ва 25 қаватли уй қурилиб, фойдаланишга топширилади. Келгуси йилларда шаҳарнинг вокзал орти ҳудудидаги 3 мингга яқин эски ҳовлилар ўрнида 100 мингдан ортиқ аҳоли учун 29 минг хонадонли 474 та кўп қаватли замонавий уйлар қурилади. Ширин массивида 295 гектар майдонда 90 минг аҳолига мўлжалланган шаҳарча бунёд этилиб, 148 та кўп қаватли уй, 85 гектар майдонда парклар ва дам олиш масканлари барпо этилади. Молия вазирлиги жорий йилда мазкур уй-жойлар қурилиши учун вилоят ҳокимлигига 2 йил муддатга 200 миллиард сўм ссуда маблағини босқичма-босқич ажратади.