Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида 11 килограммдан ортиқ наркотик моддалар ашёвий далил сифатида олинди
Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси ҳар қандай жамият учун жиддий муаммо саналади.
Унга қарши курашиш борасида Давлат хавфсизлик хизмати ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда муайян ишлар олиб боряпти.
Жумладан, Ургут туманида яшовчи, 1998 йилда туғилган шахс белгиланган тартибни бузиб, айланма йўллар орқали Тожикистон Республикасидан 8 кг 860 гр “опий” моддасини контрабанда йўли билан мамлакатимиз ҳудудига олиб ўтмоқчи бўлди. У “ўзбек-тожик” давлат чегарасини қўриқлаётган ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг тўхташ ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмасдан, гиёҳвандлик воситасини ташлаб, номаълум томонга қочади. Аммо кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида оғуфуруш қўлга олинди.
Терговга қадар текширув давомида Ургут туманида яшовчи, яна бир шахс унинг жиноий шериги эканлиги аниқланиб, процессуал тартибда ушланди.
Сурхондарё вилоятида қайд этилган ҳолатда эса Денов туманида яшовчи, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан текширилганда, унинг ёнида 31 грамм “опий” моддаси борлиги маълум бўлди.
Шундан сўнг, у ажал оғусини Денов туманида истиқомат қилувчи фуқародан сотиб олганлиги аниқланиб, мазкур наркосавдогарнинг яшаш хонадонидан ҳам 1 кг 483 гр “опий” моддаси ашёвий далил сифатида олинди.
Хоразм вилоятида кузатилган ҳолатда Гурлан туманида яшовчи, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун икки маротаба судланган шахс 877 грамм “гашиш” моддасини харидорга 14 минг АҚШ долларига сотган вақтида қўлга олинди.
Аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситаси тожикистонлик наркокурьерлар томонидан юртимизга айланма йўллар орқали олиб келинган.
Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.