Самарқанд тўйларидаги лицензиясиз санъаткорлар, шартномасиз хизматлар ва тўхтатилган тантана...

Ўтган ҳафта давомида вилоятимиздаги 489 та тўй (уларнинг 466 таси ресторанларда, 23 таси хонадонларда) ўтказилган.

Қайд этиш лозимки, бундай тадбирларни ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича Олий Мажлис палаталарининг қўшма қарори қабул қилиниб, маълум меъёр ва тартиблар белгиланган. Ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш юзасидан вилоятимизда 16 та давлат ва нодавлат ташкилотларининг қўшма чора-тадбирлари ишлаб чиқилган. Шу асосда жойлардаги мавжуд ҳолат юзасидан кунлик, ҳафталик маълумотлар жамлаб борилмоқда.

Афсуски, айрим ҳолларда мутасаддилар вазиятга бепарво қараётган бўлса, бошқа ҳолатларда фуқаролар томонидан парламент томонидан белгиланган талабларга риоя қилинмаётгани кузатилмоқда.

Хусусан, 2 февраль куни сенатор, вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова, “Ўзбекистон қаҳрамони”, сенатор, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Ҳ.Нормуродов ва вилоят фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Б.Насриевлар шаҳар ҳудудидаги ресторанларда ўтказилаётган тўйлар бўйича ўрганиш ўтказди.

Ўрганиш давомида “Шоҳона” ресторанида ўтказилаётган никоҳ ҳамда юбилей тўйлари лицензиясиз санъаткорлар хизмат қилаётганлиги аниқланган. “Гранд Асли” базмгоҳидаги никоҳ ва суннат туйларда ҳам шундай ҳолат кузатилган.

“Нур” ресторанидаги никоҳ ҳамда суннат тўйларини ўтказиш бўйича ресторан билан шартнома тузилмаган. Санъаткорларнинг лицензияси бўлмаган.

Шунингдек, шу куни “Султон сарой” ресторанида режалаштирилган никоҳ тўйи шаҳар мувофиқлаштирувчи комиссияси томонидан тўхтатилган. Негаки, бўлажак келин - 55-мактабнинг 10-синф ўқувчиси М.О. вояга етмаганлиги ҳамда икки ёш ФҲДЁ органларидан қонуний никоҳдан ўтмаган бўлган.

Пахтачи туманида 1 февраль куни “Ислом ота” тўйхонасида никоҳ тўйида белгиланганидан кўп меҳмонлар бўлишига қарамасдан, тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан чора кўрилмаган.

Шу куни “Бўроншоҳ” ва “Бахт” тўйхонасида ўтган тўйлардаги шундай ҳолатларга ҳам мутасаддилар кўз юмишган.

2 февраль куни “Дийдор” тўйхонасида бўлиб ўтган никоҳ туйида санъаткорлар лицензияси бўлмаса-да, хизмат қилганлиги учун огоҳлантириш берилган. Нарпай туманидаги “Мумтоз” тўйхонасида ўтказилган санъаткорлар гуруҳи, видеотасвирчи ва сухандон ҳам лецензиясиз хизмат кўрсатганлиги учун огоҳлантирилган.

Ургут туманида “Хушвоқ бобо” базмгоҳида 3 февраль куни қўшалоқ тўйда лицензиясиз санаъткорлар чиқариб юборилиб, ўрнига Аброр Умаров бошчилигидаги санъаткорлар гуруҳи киритилган.

Пайариқ туманидаги “Ягона” тўйхонасида тўйхона эгаси шартнома тузмасдан юбилей ва суннат тўйи ўтказган. Аммо тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан чора кўрилмаган.

Дарвоқе, шу ўринда қонунчиликдаги бир нормани эслатиб ўтиш лозим. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса — бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади, деб белгиланган.

Худди шундай ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин такрор содир этганлик фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Юсуф САЛИМОВ,

Тўй ва маросимлар, оилавий тантаналар ўтказилишини назорат қилиш бўйича вилоят мувофиқлаштирувчи комиссияси штаби раҳбари.