Самарқанд туманида фуқарони 8,5 минг доллар эвазига Кореяга жўнатишни ваъда қилган фирибгар ушланди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро А.К. фуқаро Қ.Ҳ. ва Э.А.ларга Жанубий Корея давлатига ишлаш учун юборишни ваъда қилиб, 8 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан А.К.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
"Ҳурматли фуқаролар, агарда Сиз хорижий мамлакатларда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлсангиз, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ёки махсус лицензияга эга бўлган хусусий бандлик агентликларига мурожаат қилишингизни сўраймиз. Бу билан Сиз нафақат ўз хавфсизлигингизни таъминлаган бўласиз, балки кафолатланган меҳнат шароитларига ҳам эга бўласиз", дейилган Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабарида.