Самарқанд туманида кореялик инвестор маблағлари ҳисобидан 233 гектарлик интенсив боғ, 40 та янги иш ўрни яратилди

Самарқанд туманида масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Мulti Fruit Korea” хорижий корхонаси очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда туман ҳокимлиги ходимлари, тадбиркорлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

2018-2019 йилда Жанубий кореялик инвестор Парк Жин Соо томонидан 3,2 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилган эди. Ушбу инвестиция маблағлари ҳисобидан 233 гектар майдонга гилос кўчатлари ўтқазилиб, интенсив боғ ташкил этилди. Натижада 40 та янги иш ўрни яратилди.

- Ушбу кўчатларни Туркиядан келтирганмиз, - дейди корхона директори Шуҳрат Аҳроров. – Боғимиз тўлиқ ҳосилга кирганда 2 – 2,5 минг тонна гилос териб олиш имкони пайдо бўлади. Келгусида боғдан олинган мева ва улардан тайёрланган шарбатларни Россия, Корея, Хитой давлатлари ҳамда Дубай шаҳрига экспорт қилишни режалаштирганмиз.

Бугунги кунда туман ҳокимининг қарорига асосан ажратилган 128 гектар ернинг 100 гектарида интенсив анор ҳамда 28 гектар майдонда малина боғини ташкил этиш ишлари олиб борилаётир. Шунингдек, интенсив гилос боғини кенгайтириш мақсадида яна 300 гектар ер ажратиш борасида тегишли чоралар кўрилмоқда.

Эътиборли жиҳати, корхона томонидан 3 миллион АҚШ долларлик инвестиция киритилиши ҳамда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, саралаш, қадоқлаш, сақлаш агрологистика марказини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш белгиланган бўлиб, айни кунда 8 гектар ер ажратиш ишлари бажарилмоқда.

- Бугунгача қилинган ишлар мустаҳкам ҳамкорликнинг илк қадами бўлди, - дейди кореялик инвестор Парк Жин Соо. – Буни келгусида ҳам давом эттириш учун қатор ҳужжатлар имзоланган. Масалан, 2020-2021 йилларда дастлабки қиймати 20 миллион АҚШ доллари эвазига йирик фармацевтика корхонасини ташкил этиш истагини билдирганмиз. Бу борада музокаралар олиб борилиб, тегишли ҳокимликлар билан меморандум имзоладик.

Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида қўшимча яна 200 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

Самарқанд тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.