Самарқанд ва Нагоя шаҳри ҳамкорлиги ривожланади

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов Япониянинг Нагоя шаҳри мэри Такаси Кавамура бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Япония ўртасида икки томонлама ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бораётганлиги алоҳида қайд этилди.

Жумладан, Э.Турдимов Нагоя шаҳри мэри Такаси Кавамурани Самарқандга ташрифи билан қутлаб, ўзбек-япон ҳамкорлик алоқалари қадимдан ривожланиб келганлигига эътибор қаратди.

- Айни пайтда “Афросиёб” музейида сақланаётган деворий суратларда ҳам япониялик элчилар тасвири бунинг ёрқин мисоли, - деди вилоят ҳокими. – Шунингдек, жорий йилда Япониядан Самарқанд шаҳри 60 та чартер рейслари ташкил қилинди. Самарқанд автомобиль заводида японияликлар билан амалга оширилаётган ҳамкорликдаги лойиҳалар натижасида юксак муваффақиятларга эришилмоқда.

Ўз навбатида, жаноб Такаси Кавамура ҳам илиқ муносабатлар учун вилоят ҳокимига ўз миннатдорчилигини билдириб, келгусида саноат йўналишидаги лойиҳалар бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга хайрихоҳ эканини билдирди.

Ўзаро фикр алмашишлар жараёнида текстил, саноат соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш, таълим бўйича алмашинув дастурларини амалга ошириш, озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини йўлга қўйиш, туризмни ривожлантириш масалаларини амалга ошириш бўйича таклифлар билдирилди. Вилоят ҳокими мазкур йўналишлардаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича Нагоя ишбилармонлари билан бизнес-форум ўтказишни таклиф қилди.

Ташриф давомида Нагоя делегацияси “Конигил мерос” хусусий корхонасида бўлиб, Самарқанд қоғози ҳамда “Самарқанд-Бухоро ипак гилами” қўшма корхонасида ипак гилам маҳсулотлари ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди. Шунингдек, Самарқанднинг тарихий ва диққатга сазовор масканларини томоша қилди.

- Японияликларнинг Самарқанд шаҳрига қизиқиши жуда юқори, жумладан, Нагояда ҳам, - дейди жаноб Такаси Кавамура. – Бу бежизга эмас экан, бугун шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини кўриб, бунга амин бўлдим. Биз туризм соҳаси бўйича Самарқанд билан ҳамкорлик қилишдан хурсандмиз ва бу тез орада ўз натижасини беради.

Алишер ИСРОИЛОВ.