Самарқанд ва Ургут туманларида ўтказилган ярмаркада 113 нафар фуқарога ишга жойлашиш учун йўлланма берилди

Самарқанд туманида Президент Администрацияси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, ҳокимлик ҳамда идоралар масъул ходимлари иштирокидаги оммавий сайёр қабул давомида “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмарка”си ҳам ўтказилди.

Ярмаркада туманда  фаолият олиб бораётган 26 та ишлаб чиқариш ва саноат корхоналари ўзларида мавжуд 135 та бўш (вакант) ва захирадаги (квоталанган) иш ўринлари билан иштирок этди.

Ушбу ярмаркага шу ерда истиқомат қилувчи 448 нафар фуқаро, хусусан, 139 нафар таълим муассасасини битирган ёшлар, 213 нафар аёллар ва бошқа иш қидирувчилар қатнашди.

Тадбирда давлат ташкилотлари томонидан саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишларида ишга тушадиган лойиҳалар ҳисобига яратиладиган иш ўринлари бўйича маълумотлар бурчаги ташкил қилинди. Қолаверса, ёшларнинг эгаллаган касб-маҳорати ва қобилиятини намойиш этиш учун  шароитлар яратилди.

Ярмаркада 125 нафар фуқарога ишга жойлашиш ва ўз бизнесини  очишга кўмаклашиш бўйича тегишли  маслаҳатлар, шунингдек, 47 нафар (17 нафари ёшлар) фуқарога ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди.

Худди шундай ярмарка Ургут туманида ҳам бўлиб ўтди. Унда туманда фаолият олиб бораётган 77 та корхона ва ташкилотлар ўзларидаги мавжуд 327 та бўш иш ўринларини тақдим этди.

Ярмаркага мурожаат қилганлардан 66 нафарига (30 нафари ёшлар, 25 нафари хотин-қизлар) турли соҳаларга ишга жойлашиш учун йўлланма, 110 нафар фуқарога турли соҳаларга ишга жойлашиш бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.