Самарқанд вилояти ҳокими Эркин ТУРДИМОВ:
- Ўтказилаётган сайёр қабуллар бизга халқ ҳаётини янада чуқур ўрганишга ёрдам бериш баробарида аҳоли ҳуқуқий саводхонлигини оширишга имкон беради. Ҳар бир раҳбар бундан оқилона фойдаланиши зарур. Баъзида айрим кексалар энг яхши, қулай ердан жой ажратишимизни сўрашади. Нуронийлар учун чойхона қураман, дейди. Ваҳоланки, бундай шохобча тадбиркорликка киради, даромад топиш учун қурилади. Кексадир, ёшдир унга кириши, пулини тўлаб тамадди қилиши мумкин. Ҳатто шахмат-шашка ўйини, тренажёрлари ҳам пуллик бўлади. Демак, қулай жойга эга бўлмоқчи бўлган “сармоядор” турибди.
Ёки янги уй-жойлар қурилишидаги низолар бўйича мурожаатларни олайлик. Ўнта хонадон эгасидан, иккитаси ўзи турган уйидан 3-4 баравар қиммат жой сўрайди. Чунки уй олиш баробарида бошқа яна бир режасини ҳам амалга оширмоқчи бўлади. Унга ўзи яшаб турган уй ёки ҳовли ҳолатини тўғри тушунтиришимиз, янги берилаётган уй билан таққослаб кўрсатишимиз, агар шу уйини янгидан қурса, қанча маблағ кетишини таҳлил қилиб беришимиз лозим. Ўз навбатида қурувчига ҳам “иссиқ жойини совутаётган” фуқаро руҳиятини англаш, унинг ҳатто парваришлаган дарахтини ҳам баҳолашни ўргатишимиз зарур.
Ер ажратиш, қурилиш тартиб-қоидасидан хабардор кишилар ноқонуний, нотўғри мурожаатлардан тийилишади, деб ўйлайман.