Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов шаҳар кунини нишонлашда ҳисса қўшган юртдошларимизга миннатдорчилик билдирди
Кеча халқимиз Самарқанд шаҳри кунини кенг нишонлади. Бу сана муносабати билан бўлган тадбирлар, аввало, қадимий кентимиз нечоғлик улуғвор эканини ва элимиз бу шаҳарга нечоғлик меҳр берганини намойиш этди.
Байрам барча жамоалар ва маҳаллаларда юксак савияда, уюшқоқлик билан ўтди. Айниқса, байрам кунлари шаҳарда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркасининг ўтказилиши, 4 жойда катта концерт томошалари уюштирилиши одамларнинг кайфиятини оширди.
Шу боис Самарқанд шаҳри куни тадбирларини тайёрлаш, уюштиришда фаоллик кўрсатган маданият, маърифат ходимларига, халқ таълими ва олий ўқув юртлари жамоаларига, ободончилик идораси ходимларига, шаҳарни тартибга келтириш ҳамда ободонлаштиришга ҳисса қўшган барча ташкилотларга, Тошкентдан келиб ўз санъатини намойиш этган санъаткорларга миннатдорчилигимни билдираман.
Бу табаррук шаҳар куни тадбирлари халқимизнинг миллий анъаналари, инсонпарварлик фазилатлари, ўзаро иноқлигини яна бир бор намойиш этди. Жонажон Ватанимиз, фахр-ғуруримиз - Самарқанд гуллаб-яшнайверсин!