Самарқанд вилояти Кенгашининг 95-сессияси 26 январь куни ўтказилади

Бу ҳақда вилоят ҳокими Э.Турдимов бугун, 19 январда қабул қилган «Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги олтинчи чақириқ, тўқсон бешинчи сессиясини чақириш тўғрисида»ги қарорида маълум қилди.

Унга кўра, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги олтинчи чақириқ, тўқсон бешинчи сессияси 2024 йил 26 январь куни ўтказилиши белгиланди.

Сессия кун тартибига қуйидаги масалалар киритилган:

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисидаги қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ф.Болтаев ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи С.Зайниевларнинг ҳисоботлари;

- вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари – жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи Х.Умаровнинг 2023 йил тўртинчи чорак якуни бўйича вилоятда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар, жамоат хавфсизлигини таъминловчи ва унда иштирок этувчи субъектлар билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи;

- вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Ш.Бойхўрозовнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 4 апрелдаги «Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан ҳисоботи тўғрисида;

- Самарқанд вилоятида 2024 йилда юридик ва жисмоний шахслар бўйича қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун шаҳар ва туманлар кесимида уларнинг иқтисодий ривожланишига қараб ер солиғи ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида;

- Самарқанд вилоятида 2024 йилда юридик шахслар мол-мулк солиғини ҳисоблашда кўчмас мулкнинг мутлақ қийматига қўлланиладиган камайтирувчи коэффициентларни тасдиқлаш тўғрисида;

- вилоятда рақамли технологияларни ривожлантириш ҳамда давлат бошқарувини рақамлаштириш бўйича устувор вазифалар тўғрисида;

- Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳри, Самарқанд ва Оқдарё туманларининг маъмурий-ҳудудий чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш ҳақида;

- Самарқанд вилоятида 2023-2024 йилларда цемент-бетон йўлларни қуриш ишларининг манзилли рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида;

- 2023 йил тўртинчи чорак якунлари бўйича вилоят ҳокими ўринбосарларининг самарадорлик кўрсаткичлари бажарилиши натижаларини тасдиқлаш тўғрисида;

- халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2024 йил биринчи ярим йилликка мўлжалланган иш режасини тасдиқлаш тўғрисида;

- бошқа масалалар.