“Самарқанд” халқаро аэропортида бир кунда 270,52 грамм тилла буюмлари олиб қўйилди
![](https://static.zarnews.uz/crop/8/f/720__80_8f5d538a23b5a3769cda016d126f419f.jpg?img=self&v=1589018995)
Жумладан, “Истанбул-Самарқанд” йўналишида учиб келган йўловчиларни кутиб олишга чиққан фуқаро Ҳ.Ҳ.нинг хатти-ҳаракатлари божхона ходимлари эътиборини тортди. Божхона ҳамда ИИБ тезкор ходимлари томонидан фуқаро Ҳ.Ҳ. тўхтатилганида, у ўз ихтиёри билан чўнтакларидаги заргарлик тилла тақинчоқларини тақдим этди. Хўш, йўловчиларни кутиб олишга чиққан бу фуқарода заргарлик буюмлари қаердан пайдо бўлиб қолди?
Гап шундаки, фуқаро Ҳ.Ҳ. “Истанбул-Самарқанд” йўналишида учиб келган ва йўловчилардан ушбу заргарлик буюмларини йиғиб олган. Улар холислар иштирокида кўздан кечирилганида жами 23 дона, дастлабки баҳога кўра, қиймати 39 681 900 сўмни ташкил этувчи оғирлиги 172,53 грамм аёллар тилла тақинчоқлари экани аниқланди.
Олиб борилган суриштирув жараёнида фуқаро Ҳ.Ҳ. унга ушбу заргарлик буюмларини Туркия давлатидан таниши жўнатиб юборганини айтган. Уларни билдирмай олиб ўтиш учун у пул эвазига уч йўловчидан фойдаланган.
Божхона ходимларини алдамоқчи бўлган уддабурон шахсларнинг қилмиши фош этилиб, тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Бундан ташқари, шу куни Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан яна икки нафар шахс томонидан заргарлик буюмларини қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ҳолати ҳам аниқланди.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан жами 270,52 грамм тилла заргарлик буюмлари олиб қўйилди.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибларга кўра жисмоний шахслар томонидан вазни 65 граммгача бўлган қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмларини божсиз олиб киришга рухсат этилган.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Самарқанд вилояти божхоначилари томонидан 1 кг.га яқин тилла буюмлари тўхтатиб қолинган.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.