“Самарқанд” халқаро аэропортида ноқонуний олиб келинаётган тиббий ускуналар тўхтатиб қолинди
“Самарқанд” халқаро аэропортига “Внукова-Самарқанд” йўналишидаги авиарейс билан учиб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Б.Х. “қизил” йўлак орқали божхона назоратидан ўтаётганида божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган ва тегишли рухсатномасиз умумий баҳоси 18 миллион сўмга яқин “Аrthrоpierce 45 Right”, “Twinfix Ultra”, “Awl-Dilator” номли бир нечта тиббиёт соҳасида ишлатиладиган ускуналар ва дори воситаларини яшириб ўтаётганлиги маълум бўлди.
Аниқланган ҳолат юзасидан божхона ходимлари томонидан холислар иштирокида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилди, деб хабар бермоқда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.
Суд фуқаро Б.Х.ни оилавий шароитини ҳамда муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилмаганлигини инобатга олиб, унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади.
Шунингдек, ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олинган тиббиёт соҳасида ишлатиладиган ускуналар ва дори воситалари тегишли тартибда йўқ қилинди.
Шу ўринда эслатиб ўтамиз, жорий йил бошидан буён вилоят божхоначилари томонидан умумий қиймати 822 миллион сўмдан зиёд 11 385 дона тиббий амалиётда фойдаланишга яроқсиз деб топилган тиббиёт буюмлари ҳамда ноқонуний дори воситаларининг олиб кирилиши олди олинди.