Самарқандда 1 гектар ер учун солиқ тўлови юридик шахсларга 39 миллион сўм, жисмоний шахсларга 1 кв.м. учун 352 сўм этиб белгиланди

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари етмиш тўққизинчи сессияси ўтказилди.

Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарди.

Дастлаб, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2022 йил 17 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 ноябрдаги “Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Хоразм вилоятлари аҳолисининг турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 2022-2023 йилларда Самарқанд вилояти аҳолиси турмуш шароитини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирларнинг манзилли дастури доирасида бажариладиган қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича бош лойиҳа ташкилотлари ва бош пудрат ташкилотларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига, 2021 йил 30 декабрдаги “Самарқанд вилояти маҳаллий бюджетнинг 2021 йилдаги кутилаётган ижроси ҳамда 2022 йилги маҳаллий бюджетнинг белгиланган асосий параметрлари тўғрисида”ги қарорига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қарорлар тасдиқланди.

Юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш муддатини кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шундан сўнг вилоятда 2023 йилда юридик ва жисмоний шахслар бўйича қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун шаҳар ва туманлар кесимида уларнинг иқтисодий ривожланишига қараб ер солиғи ставкалари тасдиқланди.

Вилоятда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларнинг 1 гектари учун базавий солиқ ставкаси юридик шахсларга 39 миллион сўм, жисмоний шахсларга 1 кв.м. учун 352 сўм этиб белгиланган.

Сессияда вилоятнинг 2023 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Бу ҳақда вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи Б.Мирзаев, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи А.Иноғомов маълумот берди.

“2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, вилоят маҳаллий бюджетининг 2023 йил учун даромадлари 4 958,8 миллиард сўм, харажатлари 7 155 миллиард сўм прогноз қилинганлиги ҳамда республика бюджетидан ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар 2 196,2 миллиард сўм миқдорида тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинди. Вилоят бюджети захира жамғармаси ҳажмлари 22,7 миллиард сўм миқдорида белгиланди.

Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан Кенгашнинг қарорлари қабул қилинди.