Самарқандда 12 нафар аёлнинг паспортини олиб қўйиб, фоҳишаликка мажбур қилган қўшмачи қамоққа олинди
2018 йилнинг август ойидан жорий йилнинг октябрь ойига қадар бўлган вақт оралиғида 44 ёшли О.К., Самарқанд шаҳрида жойлашган уйларнинг бирида К.У., Р.Э., А.А., К.А., М.Ф., Л.М., М.Ш., Г.М., М.Р., Ҳ.С., Д.Р. ва З.Б. ларга ижарага бошпана беришни ваъда қилиб, уларни фуқаролик паспортларини ғайриқонуний равишда эгаллаб, ўзига қарам қилиб, тунги вақтда Самарқанд шаҳар Рудакий кўчаси ва бошқа жойларда фоҳишалик билан шуғулланишларига мажбурлаб, уларга зўрлик ишлатиб, ҳар биридан кунлик 200.000 сўмдан 500.000 сўмгача пулларни топиш мақсадида фойдаланиб, ушбу йўл билан топилган пулларни ўзида сақлаб, шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан О.К.га нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми “б” банди (одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ўтказилган тинтув-тергов ҳаракати давомида юқоридаги шахсларнинг фуқаролик паспортлари тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Ҳозирда О.К. жиноят иши доирасида Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми “б, и” бандлари билан айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, унга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси танланган.
ИИВ ҳузуридаги тергов департаменти хабарига кўра, жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.