Икки нафар қизни Туркияга фоҳишалик қилишга олиб кетмоқчи бўлган эркак ушланди

13 май куни 32 ёшли Зокир (тўрт нафар фарзанди бор, исм-шарифлар ўзгартирилган) 27 ёшли Мухлиса ва 22 ёшли Мадинани Тошкент халқаро аэропортидан "Тошкент - Истанбул" авиарейси орқали олиб кетаётган вақтида Тошкент вилояти ИИБ тезкор ходимлари томонидан ушланди.

Аниқланишича, Бўка шаҳрида яшовчи эр-хотин, 1989 йилда туғилган Зокир ва 1995 йилда туғилган Комила жиноий тил бириктириб, Тошкент вилоятида яшовчи, моддий жиҳатдан қийналган Мадина ва Мухлисаларга Туркияда мўмай даромад тўланадиган иш топиб беришини, ёрдам сифатида йўл харажатларини ўз ҳисобидан қоплаб беришларини ваъда қилган.

Дастлабки суриштирувлар давомида уларнинг мақсади аёлларни Туркияга фоҳишалик учун юбориш эканлиги, Комила 2021 йил апрель ойида Туркияга жўнаб кетганлиги ва эри олиб бориши керак бўлган аёлларни кутиб олиши режалаштирилгани аниқланди.

Тошкент вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар беришича, мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 25, 135-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.