Самарқандда 1871 оила субсидия олди ва уларнинг кўпчилиги уй-жойга эга бўлди
Вилоятда жорий йилнинг 1 октябригача 4715 нафар фуқаро субсидия олиш учун мурожаат қилган.
Жумладан, давлат хизматлари марказлари орқали 3700 та, my.gov.uz портали орқали 1015 та аризалар келиб тушган.
Таъкидлаш лозимки, субсидия учун ариза топшириш ҳар бир талабгорга пул маблағи берилади, дегани эмас. Субсидия тайинлаш учун фуқаролар аниқ мезонлар бўйича танлаб олинади, яъни даромади юқори бўлмаган фуқаролар, кам таъминланган оилалар, ночор, ногирон ва ҳимояга муҳтож хотин-қизлар танланади.
Комиссия хулосасига кўра, вилоят бўйича 1871 оила субсидия олиш имкониятига эга бўлди, 1786 та мурожаатга рад жавоби берилган.
Мурожаатларнинг энг кўпи, яъни 1492 таси Самарқанд шаҳар, қолган 3223 таси туман (шаҳар)лардан тушган.
Субсидия олиш имкониятини қўлга киритган оилаларнинг энг кўпи - 610 таси Самарқанд шаҳридан, энг кам субсидия эса 67 нафар Жомбой тумани фуқароларига ажратилди.
Ипотека кредити асосида уй-жой олишда субсидия бериладиганлар орасида иштихонлик Мухлис Норбеков ҳам бор. Мухлис оилавий шароити сабабли бошпана қилишга маблағ йиғолмади. У субсидия бериш тўғрисидаги ҳукумат қарорини эшитгач, Самарқанд шаҳар давлат хизматлари марказига ариза топширди. Комиссия хулосаси асосида марказ ходимлари фуқарога субсидия бериш тўғрисидаги хабарномани тақдим этди. Мухлис ҳозирги вақтда Самарқанд автомобиль заводида инженер-конструктор бўлиб ишламоқда. Оилали, бир нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи уй бекаси.
– Давлатимиз томонидан аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш борасида яратиб берилаётган имкониятлардан мамнунмиз, – дейди мақоламиз қаҳрамони. - Мен ҳам ипотека кредити асосида уй-жой олиш учун ариза топширган эдим. Аризам ижобий ҳал этилиб, Қорасув массивида замонавий типда барпо этилган бинолардан 3 хонали квартира ажратилди. Бундай имкониятлардан ғоятда миннатдормиз.
Дарвоқе, жорий йил учун субсидия олиш учун аризалар қабул қилиш 1 октябрда тугади. Келгуси йил учун ҳам аризалар қабул қилиниши белгиланган. Бу ҳақда аниқ маълумотлар асосида қўшимча маълумотлар тақдим этилади.
Ёқубжон Марқаев.