Самарқандда 400 дан ортиқ олимлар клиник неврология ва нейрореабилитация муаммоларини муҳокама қилди
Бугун Самарқанд давлат тиббиёт университетида “Клиник неврология ва нейрореабилитацияда инновацион ёндашувлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Конференцияда Испания, Россия, Туркия, АҚШ, Франция, Сингапур, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг етакчи олий тиббиёт таълим муассасалари ва илмий-амалий марказларидан 400 дан ортиқ ходимлар иштирок этди.
Халқаро илмий-амалий конференциянинг ялпи мажлисида олимлар ва тадқиқотчиларнинг “Неврологик амалиётда оғриқ синдромларини даволашга табақалаштирилган ёндашувлар”, “Нейрореабилитациядаги замонавий тенденциялар”, “Инсульт ўтказган беморларни далилларга асосланган реабилитация қилиш”, “Франсияда нейрореабилитация соҳасидаги инновациялар”, “Ўзбекистонда паркинсон касаллиги ва марказий асаб тизимининг бошқа ҳаракат бузилишларини жарроҳлик йўли билан даволашнинг дастлабки натижалари” каби долзарб мавзулар бўйича маърузалар тингланди.
Шунингдек, анжуманда миянинг ишемик касаллиги, неврологик касалликларни ташхислаш ва даволашда инновацион технологиялар, нейрореабилитация, нейрохирургия, амалий неврологиянинг бошқа йўналишлари, замонавий диагностика шароитида неврологик бузилишларга чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ошириш йўллари каби муҳим муаммолар муҳокама қилинди.
Бундай тадбирлар республика ва минтақада неврология ва нейрореабилитация соҳасини янада ривожлантириш, тиббиёт кадрларини тайёрлаш, шунингдек, тиббиёт олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш имконини беради.