Самарқандда 6 ойда 42 та болалар боғчаси ишга тушди

Вилоятимизда жорий йилда янгидан 42 та мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилди. Улардан 7 таси давлат мактабгача таълим ташкилоти бўлса, 8 та давлат хусусий шериклик асосидаги ва 27 та оилавий нодавлат боғчалардир.

Ушбу янги очилган болалар боғчалари ҳисобига яна қўшимча 11 минг 761 нафар бола мактабгача таълим билан қамраб олинган. Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

- Янгидан ишга тушган давлат боғчалари Иштихон туманида 150 ўринли 36-сон ва 120 ўринли 30-сон, Каттақўрғон туманида 60 ўриндан 69- ва 70-сон, Қўшработ туманида 90 ўринли 34-сон, Нарпай туманида 90 ўринли 24-сон ҳамда Пахтачи туманида 120 ўринли 17-сон давлат мактабгача таълим ташкилотларидир, - деди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов. -

Шунингдек, боғча ёшидаги болалар қамрови даражаси паст бўлган олис ва чекка Булунғур тумани Булунғурариқ маҳалласида, “Чангал-1” маҳалласида, Каттақўрғон тумани Андоқсой маҳалласида ҳамда Себустон маҳалласида жами 10 та гуруҳларда “Ақлвой” лойиҳаси доирасида “Болаларга замонавий талабларга жавоб берадиган ва қайта жиҳозланган "ISUZU" автобусида мобил гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилган ва 174 нафар боғча ёшидаги болалар қамраб олинган.

Бундан ташқари, вилоятда бугунги кунда фаолият юритиб турган 730 та мактабгача таълим ташкилотининг мавжуд бўш гуруҳларини тўлдириш ҳисобига 6 минг 225 нафар бола қамраб олинган.