Самарқандда 78 та маданият марказлари бор. Бу камми ё кўп?

Бир пайтлар вилоятда 354 та маданият маркази фаолият юритган бўлса, бугун уларнинг сони атиги 78 та. Маданият марказларини туманлар бўйича таққослайдиган бўлсак, ҳар бир туманга бор-йўғи 4-5 тадан тўғри келади. Табиийки, бу аҳолини маданият марказларига тўла қамраб ололмайди.

Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

- Маданият марказларимиз кам бўлса-да, вилоятдаги мавжуд мингдан ортиқ маҳаллаларда концерт бериб, аҳолининг маданий ҳордиқ олишини таъминлашга ҳаракат қиляпмиз, - деди вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Хўжақул Муҳаммадиев. – Шунингдек, давлат тадбирларини жонли ижрода ўтказяпмиз.

Бугун вилоятда ёш авлоднинг маданий савиясини ошириш борасида ҳам бирмунча ишлар бажарилмоқда. Масалан, вилоят ҳокимлиги томонидан маданий марказлар учун миллий чолғу-асбоблари сотиб олишга 680 миллион сўм ажратилган.

Бундан ташқари, ёшлар ўртасида “Янги овоз” танлови эълон қилиниб, унинг ҳудудий босқичлари ўтказилди. Танловга фақат жонли ижрода қўшиқ айта оладиганлар сараланмоқда.

2021 йил 21 январда «Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонун маданият соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш билан бирга маданият ва санъат муассасалари, ижодий уюшма ва бирлашмаларнинг ҳуқуқий мақоми, ижодкорларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган ягона ҳуқуқий база яратилишига замин яратди.

Матбуот анжуманида соҳа мутахассислари томонидан ушбу қонуннинг мазмун-моҳияти ҳам тушунтирилди. Келажакдаги режа ва таклифлар ўртага ташланди. Масалан, тележурналист томонидан ёш, иқтидорли ижодкорларни топиб бериш таклифи маданият ходимларига манзур бўлди. Улар биргаликда ёш санъаткорларни қўллаб-қувватлашга келишиб олишди.