Озодбек НАЗАРБЕКОВ: Каттақўрғонда Халқ ҳаваскорлик ансамбллари марказини қайта таъмирлаб, кўркам бино барпо этамиз
Қалбида санъатга муҳаббати бор ёшларни кўрсак дилимиз яйрайди. Уларнинг ёниб турган кўзларида келажакка ишонч, Ватанга муҳаббат туйғулари акс этади. Каттақўрғон шаҳар халқ ҳаваскорлик ансамбллари маркази ёшлари билан бўлган учрашувимиздан қалбларимиз жунбишга келди.
Мўъжазгина, ҳеч қандай шароит ва имкониятларга эга бўлмаган, кичиккина хоналарда катта иқтидор эгалари улғаяётганини кўриб, ҳаяжонда, ҳайратда эдик. “Излаган имкон топар, изламаган баҳона”, деган халқ мақоли ёдимизга тушди.
Марказ ёшлари билан суҳбатлашиш асносида уларнинг эртанги кун режалари билан ҳам ўртоқлашдик. Яқин келажакда ўзбек санъати осмонида янги юлдузлар порлашига амин бўлдик. Келажакдаги ана шу янги юлдузлар учун Каттақўрғон шаҳар халқ ҳаваскорлик ансамбллари марказини қайта таъмирлаб, замонавий ва кўркам бино барпо этишни кўнглимизга тугдик.