Самарқандда аҳолига ажратилган газни талон-торож қилган мансабдорлар гуруҳи фош бўлди
Кеча, 5 ноябрь куни Паст Дарғом туманида жойлашган “Самарқанд газ тўлдириш станцияси”дан сурункали равишда аҳоли хонадонларига ажратилган имтиёзли нархдаги суюлтирилган углеводородли газни талон-торож қилиб келган жиноий уюшма фаолияти фош этилди.
Аниқланишича, ушбу гуруҳ мазкур газ тўлдириш станциясидан “Нуробод газ сервис” МЧЖга қарашли “DAF” русумли 20 тонна сиғимли юк автомашинасида имтиёзли нархдаги суюлтирилган газни яширин равишда олиб, талон-торож қилган.
Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “в” банди билан қўзғатилган жиноят иши терговининг биринчи кунида 6 нафар жиноий уюшма аъзоларига нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов-суриштирув ишлари давомида бу рақамлар кўлами кенгайиши мумкин.
Тезкор маълумотларга кўра, мазкур жиноий уюшмага бир қатор мансабдор шахслар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари раҳнамолик қилиб келишган.
Жиноят иши тергови шахсан вилоят 2-сектор раҳбари - вилоят прокурори Р.Машариповнинг назоратига олинган.
Жиноят тафсилотлари ёритиб борилади, дейилади вилоят прокуратураси телеграм каналида.