Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда аҳолини спортга жалб этиш неча фоизга ошди?

Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.

Таъкидланишича, ҳудудда дастур асосида бадминтон, стритбол, мини-футбол, “Workout” майдончалари, велосипед ҳамда юриш (югуриш) йўлакчалари қуриб фойдаланишга топширилиши натижасида бугунгача аҳолинг спортга жалб этиш қамрови 23 фоизни ташкил этди. Бу кўрсатгич 2020 йилда 19,3 фоиз бўлган.

-  Шу йилнинг ўтган даврида барча шаҳар ва туманларда 104,35 километр узунликда “Саломатлик йўлаклари” ҳамда 109,84 километр узунликда “Велосипед йўлакчалари” фойдаланишга топширилди. - деди Ш.Рўзиев. - Шунингдек, маҳаллий бюджет, хусусий сектор маблағлари ҳисобидан 19,235 миллиард сўмга 181 та спорт иншооти ва майдончалари, хусусан, воркаут, стритбол, бадминтон, мини-футбол майдони қурилиб аҳоли ихтиёрига берилди.

Бундан ташқари, соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш мақсадида меҳнат жамоаларида “Спорт тарғиботчиси” фаолияти йўлга қўйилиб, уларга 20 фоиз миқдорида устама белгиланди.

Вилоятда 2020-2023 йиллар давомида 6 та намунавий моделлар асосидаги спорт иншоотлари қурилади. Бунинг натижасида ҳудудлардаги 25 та маҳаллада истиқомат қилувчи 60 минг нафардан ортиқ ёшлар спортга қамраб олинади.

Анжуманда айтилишича, Самарқанд тажрибаси сифатида “жисмоний тайёргарлик нормативларини маҳаллабай” қабул қилиш тизими ишлаб чиқилади. Бугунги кунда бошқарма ва ташкилотларда, умумий овқатланиш жойларида, жумладан, ресторан ва кафеларда 1947 та “Шахмат бурчаклари” ташкил этилди. 5 та муҳим ташаббус доирасида ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиш бўйича тажриба лойиҳасини ҳудудларда амалга ошириш жадвали ҳам ишлаб чиқилган. Унга мувофиқ, айни пайтда Самарқанд шаҳри, Оқдарё ва Пахтачи туманидан 4 дан маҳалла танлаб олинган ва аҳолини спортга жалб этиш бўйича тизимли ишлар бажарилмоқда.

Ҳусан Элтоев.