Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда аттестация ўтадиган хонанинг кузатув камераси нега тўсиб қўйилган эди?

Ижтимоий тармоқда эълон қилинган “Самарқандда аттестация ўтадиган хонанинг кузатув камераси тўсиб қўйилди. Масъуллар буни хакерлар ҳужумидан сақланиш учун қилганлигини айтишди” мазмунидаги видео юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Жорий йилнинг 19-30 апрель кунлари Халқ таълими вазирлиги ва Таълим инспекцияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги иккинчи малака тоифасига талабгор педагог кадрлар учун малака (тест) синовлари ўтказилмоқда.

Самарқандда ушбу синовлар вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази биносида ташкил қилинган. Ижтимоий тармоқда тарқалган видеотасвирда 20 апрель куни ушбу марказнинг 101-хонасидаги ҳолат акс этган.

Ҳар бир ҳудуддаги биноларда кузатув камераларининг узлуксиз ишлаб туриши қатъий назоратга олинган. Кузатув камераси ишламаган тақдирда синовларни бошлашга рухсат берилмайди. Яъни, ушбу тасвирда кузатув камерасини вақтинча тўсиб қўйиш имтиҳонлар пайти эмас, синовларга тайёргарлик кўриш вақти акс этган.

Таъкидлаш жоизки, синовларни ўтказиш вақтида ҳар бир компьютерга махсус дастурлар ўрнатилиб, марказий серверда бирма-бир рўйхатга олинади. Ушбу дастур ёрдамида масофадан бошқариладиган дастурларни блоклаш ҳамда рўйхатга олинмаган компьютерларнинг тестга кириш имкониятини чеклаб қўйиш мумкин бўлади. Бу эса жараёнларнинг автоматлаштирилган дастурий тизим ёрдамида мониторинг қилиб бориш ва турли қоидабузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Ушбу жараёнда хавфсизлик нуқтаи назаридан фақат инспекция томонидан ажратилган масъул ходимгина дастурга кириш учун парол ва логиндан хабардор бўлади. Ҳар куни янгиланадиган ушбу парол ва логин имтиҳон бошланишидан олдин эрталаб ҳар бир компьютерга алоҳида киритилади. Парол ва логинни киритиш жараёнида кузатув камералари орқали тарқалишининг олдини олиш мақсадида камера вақтинча тўсилган.

Қуйидаги видеолавҳани томоша қилиб, логин ва парол киритиб бўлингач, ўқитувчилар синовга киришидан аввал камера олдидаги тўсиқ олиб ташланганига ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Ушбу ҳолатда тажрибасизлик қилган ходимларга хавфсизликни таъминлашда фуқароларни шубҳалантирадиган бундай услублардан фойдаланиш нотўғри эканлиги тушунтирилди. Инспекция масъуллари томонидан ҳамкор ташкилотлардан жалб қилинган ходимларга жараённи ташкил этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.

Бунда хавфсизликни таъминлашда шаффофликка шубҳа уйғотмайдиган замонавий услублардан фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Қайд этиш лозим, синовларга кирувчи ҳар бир талабгор ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари томонидан текширилмоқда. Бундан ташқари, жараёнда шаффофликни таъминлаш учун маҳаллий депутатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилган. Ўз навбатида ушбу жараёнга қизиқиш билдирган журналист ва блогерлар ҳам педагогларга халал бермаган ҳолда синовларни бевосита кузатиш имконияти мавжуд эканлигини маълум қиламиз.

Фурсатдан фойдаланиб, ҳурматли педагоглар ва фуқароларимиздан малака (тест) синовлари бўйича кимдир пул ёки бошқа моддий рағбат талаб қилса ёки бирон нохолис ёндашувга гувоҳ бўлишса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига мурожаат этишларини сўраб қоламиз.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси.