Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда аёл, она ва бола саломатлигини ҳимоялашга бағишланган халқаро конференция ташкил этилди

Самарқанд давлат тиббиёт университетида “Аёл, она ва бола саломатлигини ҳимоялаш” мавзусида халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Унда Россия Федерацияси, Бирлашган Араб Амирликлари, Тожикистон, Қирғизистон ҳамда Ўзбекистонни тиббиёт олий ўқув юртлари ва илмий-текшириш марказлари раҳбарлари ва етакчи олимлари иштирок этди.

- Бугунги кунда 2-сон акушерлик ва гинекология кафедраси аёллар, оналар ва болалар саломатлигини сақлашда катта ҳисса қўшмоқда, - деди университет ректори Жасур Ризаев. - Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизими олдида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини халқаро стандартларга мувофиқ равишда амалга оширишга, шу жумладан, репродуктив ёшдаги аёлларда касалликларни эрта ташхислаш ҳамда асоратларни камайтиришга йўналтирилган қатор вазифалар турибди. Бундан келиб чиқиб, ҳозирги вақтда оналар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий хизматларни янги даражага кўтариш муҳим аҳамият касб этади.

Анжуманда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова, Қирғизистон Акушер-гинекологлар уюшмаси президенти, профессор Арсен Аскеров, Тожикистон Республикаси гастроэнтерология институти директори, профессор Хайдаршо Курбонов тиббиёт университетида шаклланган акушерлик-гинекология мактаби ва унга ҳисса қўшган таниқли олимлар, аёллар, оналар ва болалар саломатлигини асрашда акушерлик ва гинекологиянинг аҳамияти, унинг ҳозирги кундаги ривожланиши ҳамда халқаро алоқалар аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Ялпи мажлисдан сўнг халқаро анжуман иши шўъба йиғилишларида давом этди. Шўъбаларда акушерлик ва перинатологияда инновацион диагностика ва даволаш тадбирлари, болалар ва ўсмирлар гинекологияси, оператив ва эстетик гинекология, 40 ёшдан юқори бўлган аёллар саломатлиги ҳамда репродуктив ёшда бўлган аёлларда соматик касалликларни долзарб муаммолари ҳамда ёш тадқиқотчиларнинг илмий-тадқиқот фаолияти натижаларига бағишланган маърузалар тингланди. 

Халқаро илмий-амалий конференция минтақамизда акушерлик ва гинекология соҳасини ривожлантириш, фундаментал ва клиник фанларни ўқитиш сифатини янада ошириш, малакали тиббий кадрларни тайёрлаш ҳамда республикамиз олийгоҳларини халқаро фаолиятини ривожлантиришга хизмат қилади.

Халқаро конференция университет 2-сон акушерлик-гинекология кафедрасининг 50 йиллиги ҳамда таниқли шифокор ва соғлиқни сақлашни ташкилотчиси, профессор Муҳсин Ҳамидов хотирасига бағишланди.

Самарқанд давлат тиббиёт университети ахборот хизмати.