Самарқандда бу йилги Наврўз қандай нишонланади?

Самарқандда Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва юқори даражада ўтказиш бўйича вилоят ҳокимлигининг чора-тадбирлар режасига асосан асосий байрам тантаналари 21 март куни ўтказилиши кўзда тутилган.

Тадбирлар Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғи, Руҳобод майдони, Камол Ота турк, Орзу Маҳмудов ва Алишер Навоий номли кўчалар, Университет хиёбони, вилоят мусиқали драма театри майдони, Қорасув массиви, Фарҳод ҳамда Кимёгарлар шаҳарчасида ўтказилиши белгиланган.

Шунингдек, вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманида Наврўз халқ сайиллар тарзида кенг нишонланади.

18 март куни Жомбой тумани Қорақасмоқ отчопарида кўпкари мусобақаси ўтказилади. Наврўз – умумхалқ байрами муносабати билан ташкил этиладиган вилоят очиқ турнири ғолибларига қимматбаҳо совғалар, жумладан, бош совринга автомобиль топширилади.

20 март куни Самарқанд шаҳридаги "Мўъжиза" амфитеатрида кураш мусобақаси ўтказилади.

Байрам арафасида “Энг обод шаҳар ва туман”, “Энг обод сектор”, “Энг саришта маҳалла” йўналишлари бўйича танловлар ўтказилади, ғолиблар рағбатлантирилади ва энг муносиб ҳудуд тажрибаси оммалаштирилади.

Ижтимоий тармоқларда “Қадрият, урф-одат, анъана ва ёшлар!” шиори остида кенг кўламли “хештег” тадбирлари ўтказилади.

Байрам тадбирлари доирасида “Ибратли оила”, “Обод маҳалла”, “Намунали мактаб”, “Моҳир лапарчи” номли кўрик-танловлар ташкил этилади.

“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” рўйхатига киритилган ёрдамга муҳтож фуқаролар ҳолидан хабар олинади.