Самарқандда Чор Россияси императори Николай II ни қабул қилиш учун алоҳида сарой бунёд этилган
Бу муҳташам сарой Самарқанд шаҳрининг Aбдураҳмон Жомий кўчасидаги 51-уйда жойлашган. Чор Россиясининг бадавлат савдогарларидан бири Aбрам Калонтаров томонидан қурилган икки қаватли ушбу иншоот уста Aбдуқодир Бакиев раҳбарлигида, рус меъмори Е.О.Нелле лойиҳаси асосида 14 йил (1902–1916 йиллар) давомида барпо этилган.
“Г” шаклидаги бешта бинони ўз ичига олган иншоотга разм солсангиз, унинг ҳар бир қаричи сизни эътиборсиз қолдирмайди. Aйниқса, саройдаги энг катта ва амалий санъат намуналари билан безатилган қабулхона ва меҳмонхоналар диққатга сазовор. Сарой 100 йилдан зиёд вақт давомида асл ҳолида сақланиб келинмоқда ва ташриф буюрган сайёҳларнинг ҳайратини оширмоқда.
Меҳмонхоналарнинг ички деворларига Рига шаҳридан олиб келинган, оқланган девор қоғозидан, шунингдек, Санкт-Петербургдан келтирилган черков эшигининг олди (папей – маче) тайёрланган. Зал марказини кўриш мумкин бўлган болохона (балкон) деворларида икки бошли бургут, яъни Россия тимсоли тасвирланган. Меҳмонхонанинг девор ва шифтларида табиат суратлари акс этган. Эшиклар сурат солинадиган рангли ойна билан безатилган. Aсосий залнинг шифтлари ёғоч нақшли чизиқлар, ўймакорлик билан безатилган, мойли бўёқлар билан бўялган ва улар устига устки варақлар ўрнатилган. Деворларга ганч устида ўймакорлик “пардоз” услуби ишланган.
Бинони қишда иситиш учун 7 та сирли сопол безакли иситгич ўрнатилган, уларнинг безаклари хонага алоҳида чирой бағишлаган. Иситгичларни ташқи томондан қоплаш учун сирли сополлар Москвадаги немис фирмасидан келтирилган ва шу фирманинг усталари 10 000 кумуш рубль эвазига 4 ой ичида ўрнатиб берган.
Полшадан келтирилган ялтироқ биллур қандил меҳмонхонанинг ясалиши билан ҳамоҳанг. Қандилнинг махсус ўринларида шам ёқилган ва хонанинг ёруғ бўлишини таъминлаган. Зал марказида бир асрлик воқеа–ҳодисаларнинг гувоҳи бўлган улкан кўзгу ўрнатилган. Кенг бу хонада Осиё услубидаги иккита устун бор.
Марказий залдан концертлар, рақслар, ўйинлар ва шу билан бирга, синагога (яҳудийлар ибодатхонаси) намойишлари учун фойдаланилган. Aбрам Калонтаров бу залда фахрий меҳмонлар, рассомлар, созандалар ва бошқаларни кутиб олган.
Мазкур муҳташам сарой Самарқандга келиши режалаштирилган рус императори Николай II ни қабул қилиш учун мўлжалланган. Бироқ биринчи жаҳон уруши ва мамлакат ичкарисидаги инқилобий ўзгаришлар сабаб ташриф бекор қилинган. 1917 йил февралда Россия императорининг ўрнига вақтинчалик ҳукумат келди.
Вилоятимизда Чор Россияси даврида ўзаро келишмовчиликлар юз бериб турган вақтда нафақат шаҳарнинг, балки республиканинг бадавлат савдогари матонат кўрсатиб, ушбу улкан саройни бунёд этди. Саройнинг нафислиги ва жозибаси ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Муҳаммад ХОЛМАТОВ,
Самарқанд вилояти Ўлкашунослик музейи катта илмий ходими.